11:51 / 09.07.2021
2434

Термиз туман тиббиёт бирлашмасида 313,6 миллион сўм  талон-торож қилингани аниқланди

Ижтимоий тармоқларда «Сурхондарёда шифокорларга ажратилган маблағни ўмарганларни кечириш мумкинми?» сарлавҳаси остида тарқалган хабарлар вилоят прокуратураси томонидан ўрганилган. Унда Сурхондарё вилояти Термиз тумани тиббиёт бирлашмасида 313,6 миллион сўм талон-торож қилингани аниқланган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Термиз тумани прокуратураси вилоят давлат молиявий назорат бошқармаси томонидан Термиз тумани тиббиёт бирлашмасида 2017 йил сентябрдан 2021 йил майгача бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган текширишда тўпланган ҳужжатлар бўйича терговга қадар текширув олиб борган.

Текшириш давомида аниқланишича, Термиз туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари томонидан 7 та ҳолатда жами 313 миллион 655 минг сўм маблағ иш ҳақи ва мукофот пули сифатида чиқим қилинган. Сўнг, тўлов қайдномаларига ходимларнинг имзоларини қалбакилаштириб қўйиб, пулни уларга бермасдан, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Бу билан улар, ўзганинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Қайд этилишича, Термиз тумани прокуратураси томонидан ушбу ҳолатлар юзасидан 2021 йил 10 июнь куни Термиз тумани тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.

«Хабарда маълум қилинган шифокор, ҳамшира ва фаррошлар туман прокуратурасига чақирилиб, терговчи тазйиқи остида жавобгар шахсларни кечириш сўралгани ҳолатлари ўрганишда ўз тасдиғини топмади ва бу важлар рад этилади», дейилади вилоят прокуратураси хабарида.

Top