14:27 / 11.07.2021
1541

Жорий йилда Самарқанд вилоятида «авария»лар ва улар билан боғлиқ ўлим ҳолатлари кескин кўпайгани маълум қилинди

Жорий йилда Самарқанд вилоятида йўл-транспорт ҳодисалари ва улар билан боғлиқ ўлим ҳамда тан жароҳатлари олиш ҳолатлари кўпайган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи полковник Фарҳод Шайзаковнинг аҳолига профилактик огоҳлантирув мурожаатида маълум қилинди.

Қайд этилишича, жорий йил 6 ойда кўрилган чора-тадбирларга қарамасдан, вилоят ҳудудида 374 та ЙТҲ содир этилган. Бу 2020 йилнинг биринчи ярмидаги кўрсаткичлардан 121 тага кўп ёки 47,8 фоизга ошган. (2020 йилда 253 та — 2021 йилда 374 та).

Жумладан:

  • Тан жароҳати билан боғлиқ ЙТҲ 98 тага ёки 59,4 фоизга (2020 йилда 165 та – 2021 йилда 263 та);
  • Ўлим билан боғлиқ ЙТҲ 23 тага ёки 26,1 фоизга (2020 йилда 88 та – 2021 йилда 111 та);
  • ЙТҲда вафот этганлар сони 30 тага ёки 30,6 фоизга (2020 йилда 98 нафар – 2021 йилда 128 нафар) ошган;
  •  Тан жароҳати олганлар сони 139 тага ёки 70,9 фоизга (2020 йилда 196 нафар – 2021 йилда 335 нафар);
  • Болалар билан боғлиқ ЙТҲ сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 85,7 фоизга (2020 йилда 35 та – 2021 йилда 65 та);
  • ЙТҲ натижасида вафот этган болалар сони 36,4 фоизга (2020 йилда 11 нафар – 2021 йилда 15 нафар);
  • Тан жароҳати олган болалар сони 100 фоизга (2020 йилда 26 нафар – 2021 йилда 52 нафар) ошган.

Таъкидланишича, Самарқанд вилоятида содир бўлган ЙТҲда жами 547 та транспорт воситалари иштирок этган. Улардан 81 таси транзит ўтувчи транспорт воситалари бўлган. Қолган 466 тасини Самарқанд вилоятига тегишли бўлган транспорт воситалари ташкил этган. 

Ҳайдовчилар билан боғлиқ бўлган ЙТҲнинг келиб чиқиш сабаблари: 

  • Қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш;
  • спиртли ичимлик истеъмол қилиб транспорт воситаси бошқариш;
  • тезликни меъёридан ошириш;
  • носоз автомобиллардан фойдаланиш;
  • пиёдаларга йўл бермаслик;
  • қувиб ўтиш қоидасини бузиш;
  • йўл белгиларига риоя қилмаслик;
  • йўлларда ҳаракатланганда бир-бирини ҳурмат қилмаслик.

Пиёдалар билан боғлиқ ЙТҲнинг келиб чиқиш сабаблари:

  • Йўлнинг махсус белгиланмаган жойидан кесиб ўтиш;
  • йўлни кесиб ўтишда қулоқчин ёки телефондан фойдаланиш;
  • светофорнинг ишораларига бўйсунмаслик.

«Ҳурматли фуқаролар! Сиз уйингиздан кўчага чиқиб ҳаракатландингизми, хоҳ транспорт воситасида, хоҳ пиёда бўлинг сиз йўл ҳаракати иштирокчиси ҳисобланасиз. Демак, ҳайдовчи каби сиз ҳам йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишингиз керак. Ҳурматли пиёдалар, йўлнинг пиёдалар ўтиш учун белгиланган қисмидан ўтаётган вақтингизда шошмасдан транспорт воситаси тўхтаганига ишонч ҳосил қилгандан кейин ҳаракатингизни давом эттиришингизни сўраб қоламиз», дейилади Шайзаковнинг мурожаатида.

Top