Спорт | 17:32 / 12.07.2021
12751
8 дақиқада ўқилади

Саутгейт айбдорми? Инглизлар мураббийининг пенальтилар серияси бўйича қарорлари ҳақида

Овертаймлар якунидаги иккита алмаштириш – мутлақо мантиқий юриш бўлганди.

Фото: LAURENCE GRIFFITHS/GETTY IMAGES

Англия Европа чемпионати финалида Италияга пенальтилар сериясида ютқазди ва узоқ вақт кутилган халқаро совриндан яна бенасиб қолди. 11 метрлик зарбалар серияси жуда ҳаяжонли ва ноодатий кечди: Саутгейт 120-дақиқа арафасида икки ўзгариш амалга оширди, Ҳендерсон ва Уокер ўрнига Рашфорд ва Санчо туширилди, аммо бу икки янги кучнинг иккиси ҳам ўз имкониятларини йўққа чиқарди. Ҳал қилувчи зарбани беришда эса Сака хатога йўл қўйди, у ҳам иккинчи бўлим давомида майдонга тушганди. Кўпчилик бундай муҳим паллада нега бу 19 ёшли футболчи нуқтага яқинлашганини тушунмаяпти.

Энди Саутгейтни ўзининг хато қарорлари билан ғалабани рақибга тақдим этган ландовур деб аташмоқда. Лекин бу фикрлар объектив эмас, балки ҳиссиётга асосланган, натижадан келиб чиққан ҳолда айтилган баҳодир. Рўй берган ҳодисани яхшироқ тушуниш учун ўйиннинг 117-дақиқасига, пенальтилар сериясига тайёргарлик кетаётган паллага қайтиш керак.

Англиянинг азалий муаммоси
Англияликларда ҳамиша пенальтилар сериясида ғалаба қозониш муаммо бўлиб келган. Миллий жамоанинг штатдаги пенальтичиси Кейн эди: фақат у бу ишни клубда ҳам терма жамоада ҳам барқарор равишда амалга ошириб келган (фаолиятида жами 52 уриниш, 88 фоизлик муваффақият). Қуйидаги суратда 2015 йилдан бошлаб финал ўйинидаги натижалар ҳам қўшиб ҳисобланган.

Ундан кейинги кўрсаткич Рашфордники, қолган футболчилар эса – ўйинларда 11 метрдан 10 мартадан ортиқ зарба бермаган. Овертаймлар охиригача майдонда қолган айрим футболчиларда эса бу борадаги тажриба жуда ёмон эди. Грилишда – икки зарба, Шоу ва Стоунзда – биттадан, Уокерда – ноль (у сўнгги марта 2013 йилда «Тоттенҳэм»да эканида Англия Лигаси кубогида пенальти тепишига тўғри келган), Ҳендерсонда – икки, аммо икки уринишда ҳам хато қилган. Ҳендерсон ЖЧ-2018да Колумбияга қарши ўйинда хато қилган, Евро-2020 арафасида Руминияга қарши ўртоқлик учрашувида ҳам 11 метрдан гол уролмаганди.

Бу эса Италия термасидаги пенальтичиларнинг натижалари. Ўйин давомида алмаштириб юборилган Иммобиле ва Инсиньесиз ҳам рўйхатдагиларнинг тажрибаси катталигини кўриш мумкин.

Англия дарвозаси томон Берарди, Белотти, Бонуччи, Бернардески ва Жоржиньо тепишди. Улардан фақат Бернардески ва Бонуччи фаолияти давомида ўйинларда 11 метрлик нуқтадан 10 мартадан камроқ зарба беришган, аммо уларнинг иккисининг кўрсаткичлари инглизларникидан яхшироқ: Бернардески – 2015 йилдан буён 9 уринишдан 7тасида аниқ ҳаракат қилган, Бонуччи – 6тадан 5тасида. Бонуччи доимий равишда пенальтилар сериясида иштирок этиб келади ва деярли ҳар сафар ишончни оқлаган. У фақат бир бор хато қилган – Евро-2016 чоракфиналида Германияга қарши ўйинда ҳам у ёмон зарба бермаган, шунчаки Нойер мураккаб йўллаган тўпга ета олганди (ўша ўйиннинг асосий вақтида у Нойерни доғда қолдира олганди, пенальтилар сериясида эса Германия 6:5 ҳисобида устун келган).

Саутгейт нима учун пенальтилар серияси учун икки футболчи туширди
Барчаси оддий: мураббийлар штабига пенальти тепишда тажрибаси бор футболчилар керак эди. Шу туфайли овертаймлар охирида Рэшфорд ва Санчо майдон четида пайдо бўлди. Юқоридаги суратда кўрсатилганидек, улар терма жамоада 11 метрлик зарбаларни ижро этиш бўйича иккинчи ва учинчи кўрсаткичларни қайд этиб туришганди.

Рэшфорд – аввалдан «Манчестер Юнайтед»нинг штатдаги пенальтичиси эди, Бруну Фернандеш келгач, иккинчи пенальтичи. У ҳамиша ўзига хос тарзда пенальти ижро этади: майда қадамлар ташлаб яқинлашади, тайёрланади, кейин дарвозабоннинг ҳаракатига қараб зарба беради. Агар дарвозабон ўнгга ёки чапга ҳаракат бошлаб улгурган бўлса, Рашфорд тўпни қарама-қарши томонга йўналтиради. Агар дарвозабон жойида турган бўлса, Рэшфорд бурчаклардан бири томон кучли зарба йўллашга ҳаракат қилади. Доннаруммага қарши дуэлда ҳужумчи барчасини тўғри қилди, пауза ушлади ва дарвозабонни ўрнидан силжишга мажбур қилди, аммо унинг қарама-қарши томонга йўналтирган зарбаси устунга тегди.

Санчода якшанба кунги ўйинга қадар 100 фоизлик натижа эди - 8 уринишда 8 гол. У сўнгги икки зарбасидаги ҳаракатини ўзгартирмади, аммо унинг дарвозанинг чап бурчагига йўллаган зарбаси йўналишини Доннарумма топа олди.

Ҳозирда Рэшфорд ва Санчо гол ура олмагани учун барча мураббийни танқид қилмоқда. Аммо Саугтейт сериядан олдин ушбу тажрибали пенальтичиларга ишонч билдирмаганида ҳам танқид остида қолиши тайин эди.

Мураббий ўз ихтиёридаги энг яхшиларни майдонга туширганди. Аммо улар ишончни оқлай олишмади.

Нима учун ҳал қилувчи зарбани Сака берди? Жамоа етакчиси – Стерлинг қаерда эди?!
Стерлинг тепмаганининг сабаблари бор: пенальти – унинг кучли жиҳати эмас. Уринишларининг 44 фоизидан фойдалана олган – жуда ёмон кўрсаткич. У сўнгги икки мавсумда тўртта пенальтидан фақат бир гол урган. Раҳим 11 метрлик зарбаларни тўғри келганча тепади,  мураккаб манераларсиз, бир нуқтага қаттиқ тепмасдан. Одатда унинг кўп зарбалари марказга берилади, шу туфайли дарвозабонлар Стерлинг нима қилишини олдиндан ўқий олишади. Балки Стерлинг тўпга олтинчи бўлиб яқинлашган бўларди, лекин у асосий рўйхатга қўшилмагани - асосли ва мантиқий эди.

Сакага ишонч билдириш – баҳсли қарор, Саутгейт бунинг учун айбни зиммасига олиб бўлган. Аммо яққол номзодлар ҳам йўқ эди. Таркибда Грилиш, Стоунз, Филлипс каби тажрибали футболчилар ҳам бор – лекин улар ўз клубларида пенальти тепиб юришмаган.

Филлипс «Лидс»да пенальти тепганига кўп вақт бўлган, аммо ўшанда ҳам учта имкониятдан фақат иккита гол урган. Шоуда фақат бир уриниш бўлган «Вильярреал»га қарши Европа Лигаси финалида — унинг зарбаси голга айланган, лекин дарвозабон очиқчасига кучсиз йўлланган тўпни қайтаришига бир бахя қолганди.

Сака бешинчи бўлиб қўйилгани у ўйинни ҳал қилиши мақсадида қилинмаганди, шунчаки аввалроқ зарба берган тўрт футболчи аниқ ҳаракат қилишига ва Сакага иш қолдирилмаслигига умид қилинганди. Лекин факт шуки, «Арсенал» вингери катта футболда ҳали бирор марта 11 метрдан зарба бермаган. Букайо ёшлар ўртасидаги Англия Кубогида, ёшлар терма жамоаси миқёсидаги ўртоқлик учрашувида ҳамда «Реал» билан ўртоқлик учрашувида пенальти тепган, шунда ҳам барча уринишлари муваффақиятли чиқмаган: икки гол ва бир хато.

У Доннарумма қаршисида худди Санчо каби ҳаракат қилди: дарвозабон ортиқча қийинчиликсиз тўпни тўсди.

Уни бутун жамоа келиб юпатди – Сака захирадан ўйинга қўшилгач, майдондаги энг фаол футболчилардан бўлганди.

Саутгейт статистикага ва муайян футболчиларга таянди, аммо руҳият ва омад омили унинг мантиғидан устунроқ келди. Мураббийни бу қарорлари учун айблаб бўлмайди. Италия тажрибалироқ жамоа бўлиб чиқди ва буни керакли вазиятда исботлади.

Мавзуга оид