Жамият | 18:54 / 12.07.2021
17926
2 дақиқада ўқилади

Ёзувчи Дадахон Нурий 78 ёшида вафот этди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб Дадахон Нурий вафот этди. Бу ҳақда уюшма матбуот хизмати хабар берди.

«Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб Дадахон Нурийнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдиради.

Жаноза намози бугун соат 19:00да Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Тамарахоним кўчаси 2-уй ҳовлисида ўқилади. Марҳум «Минор» қабристонига қўйилади», дейилади таъзияномада.

Дадахон Нурий 1943 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг Шарқ факультетини тамомлаган.

Ҳамза номидаги академик драма театрида рассом, махсус мактабларда ҳинд тили ўқитувчиси, «Гулистон», «Гулхан» журналлари ва Ўзбекистон телевидениесида адабий ходим ва муҳаррир бўлиб ишлаган.

Дастлабки лирик қиссаси – «Оқшом қўшиқлари» (1963). Шундан сўнг ёзувчининг «Бегона» (1968), «Боғларда баҳор», «Машина Кашмирга боради» (1970–71), «Осмон устуни» (1976), «Шаҳар тегирмони» (1990), «Бегона» (1991) каби китоблари нашр этилган.

Эссе, саёҳатнома жанрида ҳам асарлар ёзган («Даричам рўпарасидаги Покистон» – 1996 йил; «Олтин девор тирқишидан»–1998; «Азим чинорлар паноҳида» – 2005; «Рам соҳибдан ҳаммага салом» – 2007). Айниқса, ёзувчининг «Бойсун жунглиларидан Канди ўрмонларигача», «Тўқилмаган саргузаштлар» китоби кўпчиликда катта қизиқиш уйғотган.

Дадахон Нурий сўнгги йилларда «Ниқобсиз Америка ва бошқа манзилгоҳлар» (2010), «Олисдаги дала боғ», «Изтироб» (2017), «Виждон ҳайқириқлари» (2018) каби китобларни ёзди.

Асарлари ҳинд, урду, инглиз, қозоқ, корейс, турк ва рус тилларига таржима қилинган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш