Иқтисодиёт | 19:24 / 14.07.2021
21678
6 дақиқада ўқилади

“Обнал иши”: Бухоролик тадбиркор апелляция судида ютиб чиқди

Солиқчилар “обнал иши” бўйича яна битта судда ютқазди. Тадбиркор Фируз Aллаев солиқ органлари билан судлашув жараёни ва ундан олган хулосалари ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Фируз Аллаев / Фото: Kun.uz

Феврал ойида бошланган «обнал иши» ҳамон солиқ органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги баҳсларнинг муҳим мавзуси бўлиб қолмоқда.

Давлат солиқ қўмитаси нақдлаштирувчи фирмалар билан кураш бошлаб, 2021 йил феврал ойида 10 мингга яқин тадбиркорлик субъекти зиммасига 1 триллион сўм ҚҚС суммасини юклаган эди. «Обнал иши» солиқ реформалари ҳақида жар солинаётган даврда энг баҳсли вазият сифатида тарихда қолмоқда.

«Asaxiy.uz» лойиҳаси асосчиси, тадбиркор Фируз Aллаев «обнал иши» туфайли солиқ органи билан юзага келган ҳолат, ҚҚС можаросида бошидан ўтказганлари ҳақида ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзиб қолдирди. Тадбиркор Kun.uz'га ундан 57 миллион сўм солиқ асоссиз ундирилганини маълум қилди.

«Солиқчилар далилларга қарамай, пулни ундирди»

— Сизларга Бухоро вилояти солиқчилари билан бўлган муаммо ҳақида ёзмоқчиман. Ўтган йили апрелда, карантинда, ҳамма уйда қамалиб қолганда транспорт муаммоларига қарамасдан, интернет-дўконлар фаолият юритишди. Ходимларимизга раҳмат, баъзилари 8 соат эмас, 18 соат ишлаб беришди.

Ўша вақтда ходимларини масофадан ишлашга ўтказгани учун расмий ташкилотлардан бири 200 дона планшет сўраб, мурожаат қилди. Планшетларга нисбатан талаб ошиб кетган, 200 дона планшет топиш имконияти деярли йўқ эди. Шунда биз интернет орқали бир планшет сотадиган инсонни топдик. У бизга 200 дона планшетни пул ўтказиш йўли билан сотишга рози бўлди. Ундан фирманинг маълумотларини олиб, солиқ сайтидан текширдик. Фирма базада “яшил” турибди, ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган. Демак, муаммо йўқ. Планшетларни олиб, етказиб бердик ва қўйилган фойдадан ҚҚСнинг ўзимизга тегишли қисмини тўладик.

Лекин, яқинда бошланган ҚҚС муаммоси бизни ҳам четлаб ўтмади. “Яшил рўйхатда бўлишимизга қарамасдан, ўша шартнома бўйича бизни камерал назоратга қўйишди. Нариги фирма ҚҚС тўламаган экан ва уни жазолаш ўрнига ҚҚС миқдорини биздан ечишга қарор қилишибди.

Бухоро вилояти солиқ қўмитасига ҳисоб фактураси, шартнома, юк хати ва планшетларни сотиб олган ташкилотдан ҳам хатлар тақдим этилди. Вазиятдан келиб чиқиб, ўзим расмий хат билан Солиқ қўмитасига мурожаат қилдим.

Лекин шунда ҳам улар ўз позицияларини ўзгартиришмади ва хоҳлаганимни қилишимни, барибир пулни ечишларини маълум қилишди.

«Ҳуқуқимни судда ҳимояламоқчи бўлдим, лекин суд солиқчилар фойдасига ҳукм чиқарди»

— Матбуот ёки интернетга чиқиб жар солиш ўрнига қонуний ҳуқуқимни талаб қилиш учун судлашишга қарор қилдим. Лекин, афсуски Бухоронинг маъмурий суди солиқчилар фойдасига ҳукм чиқарди.

Кейинчалик, бизга маълум қилишича, Тошкентдан фарқли равишда Бухорода ҳали бирор бир тадбиркор судда ютиб чиқмабди. Бу Бухорода суднинг қанчалик мустақиллиги ҳақида савол қўйишга асос бўлади.

«Бухородаги солиқчилар туфайли, энди бу ерда бизнес қилмасликка аҳд қилдим, филиалларни ёпдим»

— Хабарингиз борки, «Asaxiy.uz»нинг бош офиси Тошкент шаҳрида жойлашган. Aсосий даромадимиз ҳам Тошкентдаги ҳисобрақамларимиздан айланади. Лекин, шунга қарамасдан, биз доим солиқларни ўзимиз туғилиб ўсган тупроқнинг ҳурмати, вилоят бюджетига озроқ бўлса-да ҳисса қўшиш учун Бухоро вилояти ҳисобига тўлаб келдик. Шу вақтгача Бухоро солиқчиларининг нопрофессионаллигига, мораторийга қарамасдан, Ғиждувон шаҳридаги филиалимизни ноқонуний бир неча маротаба текширганига кўз юмдик. Ҳаммасини яхшиликка йўйиб, бутун Ўзбекистондан йиғган пулимизни Бухоро вилоятига топширдик. Лекин, бунинг эвазига солиқчилар томонидан қўпол муносабат ва ҚҚС билан юқоридаги муаммога дуч келдик.

Бугун қарор қилдим. Энди солиқларни Тошкентда тўлаймиз. Лекин, Бухоро вилояти доимий ўсиб бораётган компаниядан миллиардлаб келажакдаги бюджетга қўшимча тушумдан ва яратиладиган иш ўринларидан қуруқ қолади. Қўрқаманки, маҳаллий раҳбарларга, судга ва солиқчиларга бунинг қизиғи ҳам йўқ. Улар учун бугунги кун вилоят келажагидан муҳим бўлса керак.

Шунингдек, Когон шаҳри ва бошқа иккита тумандаги филиалларимизни ҳам ёпдик ва келажакда Бухоро ҳудудида бирор иш қилмасликка қарор қилдик.

«Солиқ қўмитаси ўзини тадбиркорга ёрдамчи сифатида танитмоқчи бўлди, лекин...»

— Бугун ҚҚС муаммоси билан қайсидир режани бажараётган солиқчилар тадбиркорларнинг ишончини ва келажакка умидини ўлдиряпти. Бугунги планни бажариш учун келажакдан воз кечяпмиз.

Aйтганча, Бухоро вилоятидаги тадбиркор дўстларимизга келажакларини бошқа ҳудуд билан боғлашларини, бизнесни қўшни Навоий ёки бошқа вилоятда қилишларини тавсия қиламан.

Солиқ қўмитаси бир неча йил ўзини тадбиркорга ёрдамчи сифатида танитмоқчи бўлди. Лекин, мен учун солиқчиларнинг муомаласи ҳам, ҳисобимизга қўйилган инкассация ҳам бунинг аксини кўрсатмоқда.

«Бухоролик солиқчилар апелляция суди ижросини кечиктирмайди деб умид қиламан»

— Солиқчилар ҚҚС иши бўйича бизнинг ҳисобдан пулни ечиб олишган, суд эса солиқчилар фойдасига ҳукм чиқарган эди. Биз энди апелляция беришга ва ҳуқуқимиз учун курашишда давом этишга қарор қилдик.

Бугун (2021 йил 14 июлда) апеляция судида иш қайта кўрилди ва ютиб чиқдик. Умид қиламанки, Бухоро вилояти Давлат солиқ бошқармаси ижрони кечиктирмайди.

Муҳими, курашишдан тўхтамайлик, ўз қонуний ҳуқуқимизни талаб қилайлик.

Мавзуга оид