Жаҳон | 10:53 / 16.07.2021
2990
2 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби Олимпиада вақтида ихтилофларни тўхтатишга чақирди

Фото: AFP

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш дунё давлатларига мурожаат қилиб, уларни Токио Олимпиадаси вақтида Олимпия ярашувига амал қилишга чақирди. У, шунингдек, ярашув Олимпиададан кейин ҳам давом этишига умид билдирди.      

“Олимпия ярашуви – бу ўйинлар ўтказилиши вақтида барча замбараклар тиниши кераклигига анъанавий ишорадир. Мен ихтилофларнинг барча томонларини Токиодаги Олимпиада ва Паралимпиада вақтида Олимпия ярашувига амал қилишга ҳамда уни кейинги ҳафталар ва ойлар ҳам давом эттиришга чақираман”, деб айтган Гутерриш ўз видеомурожаатида.

БМТ бош котиби дунё халқлари Олимпиада вақтидаги ярашувдан узоқ муддатга ўт очиш режимини ўрнатиш ва “барқарор дунё”га эришиш йўлларини излаш учун фойдаланишлари мумкинлигини айтган. У Олимпиада пандемия вақтида ўтишини ва спортчилар унда иштирок этиш учун “қийинчиликларни енгишларига тўғри келганини” эслатиб ўтган. “Биз тинчлик ўрнатишда ҳам шундай куч ва бирдамлик намойиш қилишимиз лозим”, деб таъкидлаб ўтган БМТ раҳбари.

Токиодаги XXXII Олимпия ўйинлари 23 июлдан 8 августга қадар бўлиб ўтади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид