23:23 / 17.07.2021
7598

Ходимларини етарли миқдорда эмлаган кафе ва ресторанларга нисбатан карантин талабларини юмшатиш таклиф қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Республика махсус комиссиясига аҳолини эмлаш ишларини тезлаштириш бўйича тавсиялар берди.

Тавсиялар рўйхати палата спикери Нурдинжон Исмоиловнинг Telegram-каналида келтириб ўтилди:

— карантин чораларини, шу жумладан, ўз ходимлари эмланишини етарлича таъминлаган (жамоавий иммунитетга эришган), ташриф буюрувчи мижозларга нисбатан етарли талаблар ўрнатилган ҳолда хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш корхоналарига тааллуқли карантин чекловларини енгиллаштириш, яъни чекланган муддатдан ташқари вақтларда ишлашга рухсат бериш амалиётини жорий қилиш;

— ўз вақтида ва ихтиёрий равишда эмланган ходимларни иш берувчилар томонидан рағбатлантириш, эмланишни асоссиз равишда рад этган ходимларга нисбатан эса меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган чораларни қўллаш амалиётини кенг жорий этишни тарғиб қилиш;

— эмланганларга нисбатан имтиёз олиш имкониятларини бериш (иш берувчи томонидан меҳнат фаолиятига отгул бериш, уларни моддий рағбатлантириш ва бошқалар), асоссиз равишда эмланмаган 18 ёшдан юқори фуқароларга айрим чекловлар ўрнатишни (спорт ўйингоҳлари, концерт, кино ва бошқа оммавий тадбирларга қўймаслик) жорий этиш масаласини кўриб чиқиш.

Эслатиб ўтамиз, 28 июндан бошлаб Ўзбекистонда умумий овқатланиш шохобчаларининг 08:00дан 20:00гача ишлаши тартиби ўрнатилган.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top