Ўзбекистон | 21:01 / 29.11.2023
7711
4 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги “Ялпиз” ресторани вақтинча ёпилгани бўйича қўшимча маълумот берилди

Санэпидқўмга кўра, ресторан дудбўрон шовқини билан боғлиқ муаммони ҳал этган ҳолда қайта иш фаолиятини олиб бориши мумкин.

Фото: Тошкент шаҳри ҳокимлиги

26 ноябр куни Тошкент шаҳри ҳокимлиги Яккасарой туманидаги “Ялпиз” ресторанининг фаолияти аҳолининг шикояти сабабли ўтказилган ўрганишлардан кейин вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берган эди.

Kun.uz айни ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига айрим саволлар билан мурожаат қилди. Қуйида қўмитанинг жавоблари тақдим этилади.

Ресторан қандай қоидаларни бузган эди? У фаолиятини қайта тиклаши мумкинми?

— Тошкент шаҳар Яккасарой тумани “Мухандислар” МФЙ, Шота Руставели кўчаси 59-уй фуқаролари номидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилинган бўлиб, унда ушбу уйнинг биринчи қаватида жойлашган “Lima Business” МЧЖга қарашли “Ялпиз” ресторани дудбўрон қисмини ёрдамчи бинонинг том қисмига жойлаштиргани ва иш жараёнида дудбўрон моторидан чиқаётган шовқин аҳолига салбий таъсир қилаётгани билдирилган.

Мурожаат бўйича 2023 йилнинг 20 ноябр куни Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси лабораторияси томонидан шовқин даражаси ўлчанганда меъёрдан юқори эканлиги аниқланган.

Текширув жараёнида моторда шовқин даражасини пасайтириш бўйича таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги маълум бўлди. Санепидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси лабораторияси томонидан 2023 йилнинг 24 ноябр кунида шовқин даражасини қайтадан ўлчаш мақсадида ўлчовлар ўтказилган. Бироқ натижаси бўйича шовқин даражаси ушбу кўп қаватли уйнинг 22-хонадонида ўлчанганда меъёр талабларидан юқори эканлиги аниқланган.

Ўтказилган текшириш натижаси бўйича “Аҳолининг санитария-епидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасига асосан “Lima Business” МЧЖ раҳбари Рихсиев Ҳамидулла Ҳасановичга вентиляция тизими моторини бошқа жойга кўчириш масаласини ҳал этиш ҳамда янги жойга кўчирилган вентиляция тизими шовқини атрофда истиқомат қилувчи фуқароларга салбий таъсир кўрсатмаслиги чораларини кўриш бўйича тавсиялар берилиб, ушбу камчиликларни бартараф этилгунга қадар Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармасининг 2023 йил 25 ноябрдаги 11-1-сонли “Тўхтатиб қўйиш тўғрисида” қарори чиқарилиб, ушбу рестораннинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Ресторан фаолиятида “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталик тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонуни, Санитария қоида ва меъёрлари 0008-20-сонли “турар жойларда, жамоат биноларида, аҳоли яшаш ҳудудларида ва дам олиш зоналарида рухсат этилган шовқин даражаси” санитария қоида ва талаблари бузилган.

Ушбу ресторан кўрсатилган камчиликларни бажарган ҳолда қайта иш фаолиятини олиб бориши мумкин.

Бундай воқеа фақат шу ресторан билан кузатилдими? Санэпидқўмнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан бошқа ресторанларга ҳам шундай чоралар кўрган кейслар борми, агар бўлса, қандай?

— Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган овқатланиш шохобчаларининг санитария талабларига риоя этмаган ҳолда фаолият юритиши натижасида дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда санитария куни ўтказилиши сабабли овқатланиш шохобчаларининг иш фаолияти вақтинча тўхтатилган. Аммо улардаги дудбўрондан чиқаётган шовқин туфайли бошқа шикоятлар келиб тушмаган ва бу асосида овқатланиш объектлари фаолияти тўхтатилмаган.

Кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида жойлашган кафе ва ресторанларга оид қандай санитария талаблари бор?

— Кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида фаолият олиб борадиган кафе-ресторанларга қуйидаги санитария талаблари мавжуд:

  • Умумий овқатланиш шохобчасига кириш эшиклари алоҳида бўлиши керак.
  • Хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотлари учун алоҳида эшик бўлиши, яъни уйнинг ён қисмидан бўлиши талаб этилади.
  • Умумий овқатланиш шохобчасида хўрандалар учун ўриндиқлар сони 50 тадан ошмаслиги керак.
  • Ҳаво тортиш дудбўронлари уйнинг ён девор қисмида аҳоли яшаш қисмидан 1 метр баланд қилиб ўрнатилиши зарур.
  • Умумий овқатланиш шохобчаси умумий майдони 100 м2 дан ошмаслиги керак.

Мавзуга оид