Жаҳон | 17:47 / 19.07.2021
19430
2 дақиқада ўқилади

Charlie Hebdo'даги можароли карикатура муаллифи Курт Вестергор вафот этди

Даниялик рассом Курт Вестергор 86 ёшида вафот этди. Бу ҳақда AFP маҳаллий нашрларга таяниб хабар тарқатган.

Фото: AP

Рассомнинг оила аъзолари Berlingske газетасига у уйқусида ўлиб қолганини хабар қилган. Унинг ўлимига узоқ йиллик касаллик сабаб бўлган.

Курт Вестергор мусулмонларда норозилик уйғотган карикатура чизгани билан танилган. У ислом оламининг охирзамон пайғамбари Муҳаммад (с.а.в)ни ўз карикатурасида тасвирлагани учун бутун дунёда норозиликларга сабаб бўлган. Даниядаги Jyllands-Posten газетасида бундай карикатуралардан 12 таси эълон қилинган.

Карикатуралар эълон қилингач, Даниядаги мусулмонлар кескин норозилик билдиради. Данияда одамларга ҳужумлар уюштиришади, бир нечта терактнинг олди олинади. Карикатуралар тўлқинида юзага келган бутун дунёдаги намойишларда 50 дан ортиқ одамлар ҳалок бўлади. Бир нечта араб давлатлари Даниядан элчиларини чақириб олади, баъзи мусулмон давлатлар Дания маҳсулотларига бойкот эълон қилади. 2006 йилга бориб Jyllands-Posten газетаси расман узр сўраб чиқади.

Бироқ бу вақтда дунёдаги бошқа газеталар нашрга бирдамлик изҳор қилиш учун карикатураларни эълон қилишдан тўхтамаётганди. Улардан энг машҳури Франциянинг Charlie Hebdo сатирик журнали эди. Айнан карикатуралар сабаб 2015 йил журнал таҳририятида теракт уюштирилиб, 12 киши отиб ташланади.

Курт Вестергор узоқ йил катта босим остида яшашга мажбур бўлади. Уни бир неча марта ўлдиришга ҳаракат қилишади. Кейинчалик ҳукумат рассом ва оиласига доимий қўриқчи ажратади. У ўлимига қадар полиция назоратида, уйининг манзили сир тутилган ҳолда яшайди. Баъзи ҳаракатлар Вестергорни ўлдирганга мукофот ҳам ваъда қилганди.

Мавзуга оид