15:29 / 25.07.2021
10734

«Бола китобни хўрозқанд каби татиб кўра олиши керак» – болалар учун мўлжалланган китоблар: Туркия тажрибаси

Юртимизда ноширлик фаолиятининг бугунги аҳволи қандай? Хусусан, болалар учун мўлжалланган китобларнинг сон ва сифати талабга қай даражада жавоб беради? Миллатнинг эртаси бўлган авлод бугун қанча вақтини мутолаа билан ўтказмоқда? Замонавий гаджетларга кун сайин кучлироқ боғланиб бораётган бу авлодни қандай қилиб китоб билан дўст қилиш мумкин?

Албатта, бу каби саволлар миллат тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар қандай инсонни жиддий ўй ва хавотирга солиши табиий. Зотан, шу нарса аёнки, агар ушбу масалалар ечимини топишга бугун жидд-у жаҳд қилинмаса, эртага кеч бўлиши мумкин...

Мана шундай бир вазиятда соҳага оид хориж тажрибасини ўрганиш ва уларни амалга татбиқ қилиш муҳим аҳамиятга эга. Kun.uz мухбири болаларга мўлжалланган китоблар ва уларнинг нашр этилиши билан боғлиқ жараёнлар Туркияда қандай йўлга қўйилганини ўрганди.

Китоблар педагогик функцияга эга майдон сифатида кўрилади

Бугун Туркиядаги аксарият китоб дўконларининг жавонлари турли-туман  миллий ва хорижий адабиётлар билан тўла. Кўча-кўйда, денгиз соҳилида ёки жамоат транспортида китоб ўқиётган инсонларни бот-бот учратиш мумкин.

Ушбу мамлакатдаги баъзи нашриётлар фақат болалар учун мўлжалланган ҳикоя ва романларни, баъзилари эса ўқув адабиётларни нашр этади. Қайсидир нашриёт асосан диний таркибни чоп этса, яна қайсидир нашриёт кўпроқ мифологик ва фалсафий китобларни таклиф қилади. Ҳатто улар ўз ўқувчиларининг ёшига кўра ҳам бир-биридан фарқланади, яъни бу борада ўзига хос ихтисослашув мавжудлигини кўриш мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Туркияда болалар учун мўлжалланган нашрларни топиш қийин бўлган даврлар эндиликда ортда қолди, дейиш мумкин. Ушбу мамлакатда бугун болалар адабиёти ўқувчи ва ёзувчилар эътиборини ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ тортмоқда. Албатта, болаларнинг таълим-тарбияси муҳим эканлиги жамият томонидан чуқур идрок этилаётгани, дунё стандартларидаги босма маҳсулотларни тақдим этишга ҳаракат қилинаётгани, болаларнинг шахсий ривожланиши фақатгина мактаб таълими билангина чекланиб қолмаслиги кераклиги каби бир қатор зарурат ва омиллар ҳам бунга ўз ижобий таъсирини ўтказмоқда.

Болалар адабиёти бўйича мутахассис Нилай Йилмазнинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда мамлакатда китоб ёзиш оммалашмоқда ва табиийки, болалар учун мўлжалланган китоблар ҳам ушбу жараёндан ўз «улуши»ни олмоқда.

Болалар билан ижодий семинарлар ўтказувчи адиб Серан Демиралнинг айтишича, бугун ижодкорлар китобларни болалар билан мулоқот ўрнатиш воситаси ёки педагогик функцияга эга бўлган ўзига хос майдон сифатида кўришмоқда.

Болаларга мўлжалланган китоб кимлар томонидан ёзилиши керак?

Аслида, ҳар ким болаларга мўлжалланган китоб ёзиши мумкин, аммо унутмаслик керакки, ҳамма ҳам адабий асар даражасидаги маҳсулотни ярата олмайди. Чунки болалар учун китоб ёзиш осон иш эмас. Бу ишни хаёл уфқи кенг, бадиий матн яратиш сир-асроридан яхши хабардор ижодкорларгина уддалаши мумкин. Аммо бу – ижодкорлик қобилиятига эга ҳар қандай одам болаларга мўлжалланган китоб ёза олади, дегани эмас!

Соҳага ихтисослашган нашриётнинг бош муҳаррир ўринбосари Меҳмет Эртуркнинг фикрича, масалага танқидий кўз билан қарай оладиган, конструктив танқидни қабул қилган ҳолда ўзини доимий ривожлантириб борувчи, энг муҳими, болалар учун ёзишни осон иш деб ўйламайдиган ижодкорлар ушбу фаолият билан шуғулланишлари мумкин.

Болалар учун китоб ёзиш жараёни ёзувчиликдан ташқари болалар психологиясидан яхшигина хабардор бўлишни ҳам талаб қилади. Зотан, ҳикоя боланинг руҳий дунёсига қай даражада мос келиши, унга қандай таъсир ўтказиши мумкинлигини билиш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.

Зотан, болаларга тавсия этиладиган нашрлар уларнинг руҳий оламига зарар етказмаслиги, мурғак қалбларни ичи бўш ва беҳуда нарсалар ҳамда ёлғон-у макр дунёсига улоқтирмаслиги керак. Болаларга тавсия этиладиган китоблар инсоний ҳис-туйғуларни тарбиялаши ва болаларда ўз қадриятларига нисбатан қизиқиш ва ҳурматни шакллантириши даркор. Шу боис аксар турк нашриётларининг қошида болалар учун мўлжалланган китоб қўлёзмаларини кўриб чиқувчи педагог ва психологлардан иборат махсус кенгашлар фаолият юритади.

Болаларга мўлжалланган китоб қандай бўлиши керак?

Клиник психолог Эмраҳ Пўлатнинг таъкидлашича, болалар учун мўлжалланган китоб, аввало, боланинг ёши ва психологик дунёсига мос бўлиши керак. Болага ҳар қандай турдаги материаллар кучли таъсир кўрсатиши мумкин, шунинг учун унга ижобий таъсир қилувчи контентни яратиш устида бош қотириш лозим. Қўрқинчли ёки фобик воқеаларга асосланган таркибдан қочиш керак.

Бу турдаги китоблар ифода, тил ва мазмун жиҳатидан бола тушунадиган содда тарзда ва жуда эҳтиёткорлик билан ёзилиши керак. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, «Болаларга мос бўлиши керак» деган тушунчага «ёпишиб олиш» ҳикоя услубини сунъийлаштириши, бу ҳолат эса пировардида уни ҳаётийликдан узоқлаштириши мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, болалар учун мўлжалланган китоблар уларга ўзларини жамиятнинг бир қисми эканликларини ҳис қилишларига ёрдам беради. Бундай китобларда болага берилиши керак бўлган маълумотлар ва кундалик ҳаётда у дуч келадиган воқеалар ёшга кўра оддийдан мураккабга қараб ишланиши керак.

Бундан ташқари, асар имло ва пунктуация нуқтайи назаридан ҳам хатолардан холи бўлиши даркор. Бу турдаги китобларнинг муҳим хусусиятларидан яна бири унинг грамматик қоидалар асосида ёзилишидир. Асарни тайёрлаш жараёнида унинг қайси синф ва ёш даражаси учун ёзилгани аниқ ва маълум бўлиши керак. Унда ёритилган мавзулар ва баён этиш услуби ҳам болаларнинг ёш гуруҳларига мос келиши лозим. Ҳаяжон бутун асар давомида жонли бўлиши, шунингдек, контент сиёсий хусусиятлардан холи бўлиши даркор. Танланган мавзулар яхлитлик касб этиши, китоб тасодифий равишда жамланган мақолалардан иборат бўлмаслиги керак.

Қандай суратлар танланиши керак?

Болалар китобларидаги энг муҳим жиҳатлардан бири тасвирлардир. Баъзи турк ёзувчилари китоб учун расмларни ўзлари тайёрлашади. Табиийки, ҳамма ижодкорда ҳам бундай имконият ва қобилият бўлмаслиги мумкин.

Болалар китоблари учун сурат чизиш борасида қатъий бир қоида йўқ. Аммо шу нарса аниқки, нашриёт, аввало, муаллиф нимани қандай тасаввур қилаётганини билишни хоҳлайди. Агар чизмалар нашр услубига мос бўлса ва ноширга маъқул келса, муаллифнинг таклифлари, албатта, ҳисобга олинади. Шу асно муаллифлик ҳуқуқининг зарурий шартлари шартномага киритилади.

Аксинча бўлиши ҳам мумкин, яъни бунда ҳамма нарса китобнинг мазмуни, нашрнинг амалдаги дастури ва ноширнинг сиёсатига кўра форматланади. Аммо ёзувчи муаллиф сифатида, аввало, матн учун жавобгардир.

Мутахассислар санъат ва эстетик жиҳатдан мос бўлмаган расмлар болаларнинг хаёл дунёсини бойитиш ўрнига уларнинг тасаввурига зарар етказиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

«Бола китобларни хўрозқанд каби татиб кўриши, уни сифатли ва фойдали ўйинчоқ сифатида қабул қилиши лозим. Муқова ичида унинг хаёлот дунёсини бойитадиган ранг-баранг иллюстрация ва ифодалар бўлиши керак. Суратлар дид ва эҳтиёткорлик билан танлаб олиниши, қолаверса, бу турдаги асарлар адабиётнинг назарий ва амалий тамойилларига мос келиши керак», дейди болалар нашрлари бўйича Туркиянинг энг йирик ноширларидан бири Меҳмет Азим.

Китобдаги суратларнинг ҳажми ва матн таркибининг узунлиги, одатда, боланинг ёшига қараб ўзгаради. 3 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган китобларнинг таркибидаги расмлар жуда катта бўлиши керак. Ноаниқликнинг олдини олиш учун ишлатиладиган рақамлар ҳам етарлича аниқ бўлиши, матнлар эса жуда қисқа бўлиши лозим. Рангли босма китобларга кўпроқ устунлик бериш тавсия қилинади, чунки улар болалар эътиборини ўзига кўпроқ жалб қилади ва уларни зериктирмайди.

Болалар учун мўлжалланган китоблар қаҳрамонларини қандай танлаш керак?

Болаларнинг аксарияти асар қаҳрамонларига тақлид қилади. Шу боис танланган қаҳрамонлар ижобий характерга эга бўлиши лозим.

«Боланинг онг остига яхши намуналар тақдим этилиши, ижобий ва конструктив ҳаётий мисоллар келтирилиши керак. Болалар китоблари хурофот ва ботил ишончлардан холи бўлиши шарт. Агрессия, қўрқув, зўравонлик ва ғазаб болалар учун мўлжалланган китоблардан узоқроқ тутилиши керак», дейди ношир Меҳмет Азим. Унинг фикрича, болалар учун мўлжалланган нашр ишлари ўзига хос жиддий эътибор ва эҳтиёткорликни талаб қилади.

Асарларда болалар учун лақаб сифатида ишлатилиши мумкин бўлган қаҳрамон номлари бўлмаслиги лозим.

Қизиқиш соҳасини аниқлаб олиш керак

Давр шарт-шароитларига мос равишда болаларнинг қизиқишлари ҳам ўзгариб боради. Шу боис ота-оналар ва ўқитувчилар қизиқиш соҳасини аниқлаб олиш масаласида болаларга ёрдам беришлари керак. Чунки ҳамма бола ҳам бир хил турдаги китоблардан завқ олмаслиги мумкин. Китоблар шунга мувофиқ тарзда тайёрланиши керак.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қизиқишларига мос бўлмаган асарлар боланинг ўқиш иштиёқини сусайтириши мумкин. Боланинг яқинлари бу масалада ўжарлик қилиши ва қатъият кўрсатмаслиги, балки йўналтирувчи бўлиши керак.

Соҳа мутахассисларининг жалб қилиниши

Бугунги кунда Туркияда кўплаб нашриётларда фақат болалар китоблари билангина шуғулланувчи муҳаррирлар бор. Бундан ташқари, нашриётнинг ваколатли шахслари томонидан муаллифлар ва иллюстраторларнинг ишлари нашрнинг умумий мақсадларидан келиб чиқиб, тизимли равишда мувофиқлаштириб борилади.

Мутахассисларнинг фикрича, болалар нашриётларининг муҳаррири ҳам педагогикага, ҳам болалар психологияси, ҳам адабиёт, айниқса, болалар адабиётига оид билим ва кўникмаларга эга бўлиши керак. Шундагина у янада яхши маҳсулот яратиш учун замин ҳозирлаши мумкин.

Отабек Тиллаев,

Kun.uz’нинг Туркиядаги мухбири.

Top