Кун ҳақида гап кетаркан, 2 апрел бутун дунёда Халқаро болалар китоби куни сифатида ҳам нишонланади.

Kun.uz мухбири ана шу – жамиятда гарчи эшитилишидан зерикарли бўлса-да, лекин мазмунан жуда муҳим ва бугун деярли барча муаммоларимизнинг туб илдизи бўлган – болалар китоби, китобхонлиги, Ўзбекистонда бу йўналишнинг аҳволи ҳақида соҳа вакиллари билан интервю ўтказди.

Интервю меҳмонлари – ношир Санжар Назар, собиқ "Камолот" ЁИҲ Марказий кенгаши раиси, бу лавозимда “Камолот кутубхонаси” рукни остида 100 номдаги минглаб китоблар чоп этилишига бош қош бўлган Баҳодир Ғаниев ва болалар ёзувчиси Саъдулло Қуръонов бўлди.

— Ўзбекистонда бугун болалар китобхонлиги қандай аҳволда? Ўзбек болалари дунё болалари билан солиштирганда кўп ўқияптими, камми ё жуда камми?

Санжар Назар:

— Китоб ўқиш даражамизни ривожланган, ўқийдиган давлатлар болалари билан таққосласак, деярли йўқ деса ҳам бўлади, чунки жуда кам. 2022 йилда болалар учун яратилган асарларни санайман десангиз, битта қўл бармоқлари ҳам ортиб қолади. Таржимада ҳам шу ҳолат. Айнан бадиий адабиёт томонидан аҳволимиз жуда ёмон. 2022 йилда Ўзбекистонда биринчи марта 3 ёшдан бошлаб ўқиш мумкин бўлган (3+) китоб чоп этдик 3000 ададда, шундан бор-йўғи 600 тачаси сотилди. Шундан ҳам билиш мумкин аҳволимизни.

Баҳодир Ғаниев:

— Болалар адабиётини умумий адабиётдан ажратиб муҳокама қилишнинг фойдаси йўқ, гап умумий адабиёт ҳақида кетиши керак. Ростдан ҳам бизда китобхонлик даражаси жуда паст. Бадиий адабиётга эҳтиёжни шу китобларнинг савдоси билан ўлчаса бўлади. Масалан, Ўзбекистонда 37 млн аҳоли яшайди. Хўш, шунча одам бор экан, Ўзбекистонда йилига қанча бадиий адабиёт сотилади, деган савол бор. Жавоб: 1 миллионта ҳам сотилмайди. Ривожланган давлатлар ичида АҚШда китобхонлик даражаси унчалик юқори бўлмаса ҳам йилига 300 млн аҳоли 400 миллионта бадиий китоб сотиб олади (фақат бадиий адабиёт сони).

“Камолот”да ишлаб юрганимда “Камолот” кутубхонаси” лойиҳасини қилганмиз ва 100 та энг сара ўзбек ва жаҳон бадиий адабиётларини шакллантирганмиз. Шунда бир катта мансабдор (исмини ошкор қилмай) «Одамлар ўқимаса, нима қиласан китобни кўпайтириб?» деган гапни айтган. Яна рус тилида адабиёт етарли-ку, бизда ҳамма рус тилини билади, деган гапни ҳам айтган. Биздаги давлат тизимининг асосий бошқарувчилари рус мактабларда ўқиган ва адабиёт муаммоси йўқ ўзларида. Шунинг учун улар тушунмайди бу муаммони.