Жамият | 17:35 / 27.04.2024
28803
3 дақиқада ўқилади

«Cobalt’ни турмуш ўртоғимга совға қилдим» – китобхонлик танловида ютган ёш она ҳикояси

Гулҳаё Солиева — бу йилги «Ёш китобхон» танловининг ғолибаси, у китоб ўқигани учун оналик таътили даврида машинали бўлди. «Баъзи оилаларда қиз фарзандларини ўқитишни хоҳлашмайди, лекин бизда ундай бўлмаган», дейди у. Kun.uz’нинг "Микрофон қизларда" лойиҳаси навбатдаги сонида Гулҳаё ёш болали бўлишига қарамай вақтни қандай тарзда тўғри тақсимлаб ўқиш ва ўрганишга имкон топиш мумкинлиги ҳақида гапириб берди.

«Дадам ҳамма боласини ўқитишни ният қилган»

Фарзанд оилада кўрганини қилиб катта бўлади. Ота-онам ўзлари олий маълумотли бўлмаса ҳам, фарзандлари ўқишлари учун ҳамма шароитни қилиб беришган, биз буни кўриб катта бўлганмиз.

Баъзи оилаларда қиз фарзандларини ўқитишни хоҳлашмайди, лекин бизда ундай бўлмаган. Дадам «Ҳамма қизларимни ўқитиб, олий маълумотли қиламан», деб ният қилган.

Мен биринчи йилдан ўқишга кира олмаганман. Бу пайти синфдош қизларнинг деярли ҳаммаси турмушга чиқиб бўлганди. Лекин уйдагилар менга оила қуриш ҳақида гап очмаган. Лицейда ўқиган пайтларим ҳам абитуриент бўлиб онамга ёрдам бера олмас эдим. Ота-онам меҳрибонликлари сабаб бизга ҳеч иш буюришмас эди. Бир йиллик "йиқилиш"дан сўнг иккинчи йил Халқаро ислом академиясига ўқишга кирдим. Фақат контракт асосида ўқиганман.

Акам контрактимга ёрдам берган, мени молиявий қўллаб-қувватлаган.

Ўқишни тугатиб, ўз маҳалладошимга, ўзим билан битта ОТМда ўқиган инсонга турмушга чиқдим, бу борада ҳам ота-онам танловимни қўллаб-қувватлаган.

«Ёш китобхон» танлови

Китобхонлик танлови ҳақидаги роликларни доимий кузатиб борардим, лекин танловга доимий қатнашиб юрмасдим. Ўтган йили яқин дугонам «Ёш китобхон»га қатнашди ва шундан сўнг менда ҳам қизиқиш ошиб, бу йил танловда қатнашдим.

Танловга тайёрланишда ёш фарзандим бўлгани сабаб бироз қийинчиликлар бўлди. Лекин турмуш ўртоғим ёрдам бериб, ишдан келганидан сўнг ҳам китоб ўқишимга шароит қилиб берарди.

Танловда қатнашиб, ўзимда китобхонликни одат сифатида шакллантирдим. Аввал бўш вақтимда китоб ўқиган бўлсам, ҳозир кун давомида китоб ўқиш учун вақт ажратишни одат қилганман. Бундан ташқари, китобхонлик танловида қатнашишни мақсад қилган ёшларга ёрдам берувчи йўналтирувчи Telegram-гуруҳи очганман. Инглиз тилим устида ҳам ишлаяпман, магистратурага топширишни режа қилганман.

«Китоб ўқиганим учун Cobalt беришди»

Китобни ўзимиз учун ўқиймиз, лекин шу ўқиганимиз учун Cobalt совға қилишди. Машинани турмуш ўртоғимга совға қилдим, сабаби биз бир оила бўлганимиздан сўнг ютуқ ҳам иккимизники.

Китобхонларга тавсиялар

Жеймс Клирнинг «Атом одатлар» китобини ва Ўткир Ҳошимовнинг барча асарларини ўқишни тавсия қиламан. «Атом одатлар» китобини ўқиганимдан сўнг ишларимни режа қилишни бошлагандим.

Инсон ўзи хоҳласа, истаганларига эришса бўлар экан. Ёшлик даври ўткинчи, 15-25 ёш оралиғида илм олиб, ҳунар ўрганиб, келажак учун пойдевор яратиб олиш зарур. Шунинг учун вақтдан унумли фойдаланишни тавсия қилган бўлардим.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид