“Тез-тез нимага бизда китоб кам ўқилади деган саволни беришади. Бунинг сабабларини кўпчилик таълимда кўради, кимлардир давлатни, кимлардир оилани, кимлардир ноширларни айблайди.

Бугун кам ўқийдиган миллат эканимизни рад этиб бўлмайди. Лекин китоб кам ёки кўп ўқилиши натижа ҳисобланади. Унинг мамлакатдаги тизим билан боғлиқ чуқур сабаблари бор.

Натижа билан эмас сабаблари билан ишламасак, вазиятни ўнглаш муаммо бўлиб қолаверади”, – дейди бир неча йилдан буён китоб бозорида фаолият юритаётган тадбиркор.

Фируз Аллаев бу борада ўзгартирилиши ёки қарши курашилиши керак бўлган қатор сабабларни санайди.

1-сабаб – бозор қонунлари.

Китоб ўқишда ҳам талаб ва таклиф қонуни ишлайди. Одамларда шунчаки китоб ўқишга талаб бўлиши керак. Қачонки мамлакатда билим қадрланса, билимли одам яхшироқ яшаса, кўпроқ даромад қилса ва жамиятда ҳурмат топса, шундагина китобга ёки таълим билан боғлиқ бошқа фаолиятга талаб бўлади.

Мамлакатда билим қадрланиши учун эркинлик ва ҳаммага тенг имкон берадиган инклюзив тизим амал қилиши керак.

Бозор қонунлари бўйича айтганда, иқтисод учун ким кўпроқ қиймат яратса, ўша яхшироқ яшаши керак. Ҳалол рақобатбардош бозорда ким кўпроқ билимга эга бўлса, ўша кўпроқ қиймат яратади.

Амалда нима бўлди, охирги 40 йилда мамлакатда карьера қилиш, ютуққа эришиш аксар ҳолатларда таниш-билиш, коррупция ва бошқа схемалар орқали бўлди. Ҳақиқатдан ўз меҳнати билан натижага эришганлар кўпроқ қоидадан ташқари ҳолат. Аксар одамлар пул, таниш-билиш орқали муваффақиятга эришди. Шоу-бизнес, спорт каби камроқ билим талаб қиладиган касблар кўпроқ қадрланди. Бунга яна прописка каби давлат томонидан сунъий қўйилган тўсиқлар ҳам қўшилди. Давлат ишида карьера қилиш кучли қариндошчилик, таниш-билиш талаб қилинган бўлса, бизнесда кўпроқ қонунлардан усталик билан қоча олганлар ёки керакли органларнинг вақтида томоғини мойлай олганлар «соққа» қилишди.

Сўнгги йилларда тизим ўзгариб, демократлашиш эвазига қанчадир миқдорда давлат ишида ишлаш билим талаб қила бошлади. Билимли ёш кадрлар аста-секинлик билан юқори мансабларга эришишди. Бизнесда бўлса вазият кескин ўзгарди. Кечагина дафтарда ҳисоб-китоб қилиб, контрабанда ёки ноқонуний ишлар эвазига яшаб юрган бизнес қандайдир 4-5 йилда автоматизация, дастурлаш, маркетинг, рақобат, сифат эвазига даромад қилиб бошлади.

Тан олайлик, 2015 йилдаги энг ақлли бизнесменнинг билим даражаси бугунги ўртача бизнесменнинг билим ва кўникмаларидан пастроқдир. Мамлакатда билимга талаб китобга талабни яратади.