Спорт | 09:43 / 30.07.2021
9995
2 дақиқада ўқилади

Ботуров чоракфиналда ютқазди ва медалсиз қолди

30 июль куни бокс бўйича -69 кг вазн тоифасида Токио Олимпиадаси яримфинали учун ўзбекистонлик Бобоусмон Ботуров ва британиялик Пэт Маккормак ўртасида жанг ўтказилди.

Турнирга ўрта вазн тоифаси фаворитларидан бири сифатида ташриф буюрган британиялик боксчи буни амалда ҳам исботлади. Биринчи раундда у ўз ҳаракатлари билан Ботуровни қийин аҳволга солиб қўйди, ҳакамларнинг уч нафари раундни унинг фойдасига ёзишди, ўзбекистонлик боксчи эса ўзининг тезкорлиги эвазига икки ҳакамнинг очколарига эга бўлди.

Иккинчи раундда эса барча ҳакамлар бир овоздан ўзининг техник ҳаракатлари билан катта таассурот қолдирган Маккормакнинг ғалабасини қайд этишди. Ботуров вазиятни ўзгартириши учун учинчи раундда рақибни нокаутга учратиши талаб этиларди, у айнан шу мақсадда ҳаракат қилди ва рақибнинг бошига қатор зарбалар берди ва унга жароҳат ҳам етказди. Аммо Маккормак ғалабани сақлаб қолиб яримфиналга йўл олди, Ботуров эса Олимпиадани медалсиз тарк этадиган бўлди.

Шу тариқа, Ўзбекистон эркаклар бокс жамоасининг 8 аъзосидан 5 нафари иштирокини эрта якунлади. Энди Баҳодир Жалолов, Шаҳобиддин Зоиров ва Элнур Абдураимов Ўзбекистонга медал олиб келиш учун ҳаракат қилишади.

Мавзуга оид