13:25 / 30.07.2021
3674

Ярим йилликда аёлларга зўравонлик ҳолатлари кескин ошган. ИИБ инспектори ҳимоя ордери тартиби ҳақида маълумот берди

2021 йилнинг дастлабки 6 ойида республика бўйича 20 минг 387та ҳимоя ордери расмийлаштирилган. Бу ўтган йилнинг шу даври билан солиштирилганда ордернинг берилиши қарийб 6 баробарга кўпайганини кўрсатади.

2021 йилнинг январь-июнь ойларида республика бўйича зўравонликдан жабрланган жами 20 минг 387 кишига ҳимоя ордери расмийлаштириб берилган. Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармасининг маълум қилишича, жорий йилнинг ўтган 6 ойида хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари юзасидан республика бўйича ички ишлар органларига қилинган мурожаатлар сони 20 минг 704тани ташкил этган. Шундан 20 минг 387 кишига ҳимоя ордери расмийлаштириб берилган.

Таҳлил қилинса, ҳимоя ордерларининг 14 минг 133 ҳолатда эр томонидан хотинига, 488 ҳолатда келин томонидан қайнонага, 739 ҳолатда қайнона томонидан келинга ҳамда 5027  ҳолатда бошқаларга нисбатан зўравонлик содир бўлганда берилганини кўриш мумкин. Зўравонлик ҳолатларининг 17 минг 919таси оилада, 1690таси кўчада, 459таси жамоат жойида, 283таси иш жойида ва 36таси таълим муассасасида содир этилган.

Маълумотлар хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари водий вилоятлари ва воҳада кўпайганини кўрсатмоқда. Фарғона вилоятидан – 2 766та, Қашқадарё вилоятидан – 2 284та ва Андижон вилоятидан 1 837та мурожаат қайд этилган.

2020 йилнинг ўтган шу даври билан таққосланганда ҳимоя ордери берилиши қарийб 6 баробарга ошгани маълум бўлади. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизматининг маълумот беришича, 2020 йилнинг дастлабки 7 ойида республика бўйича жами 3 592 нафар хотин-қизга ҳимоя ордерлари расмийлаштириб берилган эди.

Ҳимоя ордери нималардан ҳимоя қилади?

Қонунга кўра, ҳимоя ордери зўравонликка учраган шахсларни қуйидагича ҳимоялайди:

  • тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлайди;
  • тарафлар ўртасида алоқани тақиқлайди (иш ва таълим муассасаларида билвосита алоқага йўл қўйилади);
  • тарафларнинг бир хонада бирга бўлишига йўл қўйилмайди;
  • зўравон шахс зиммасига мажбуриятлар юклайди (жабрланувчини даволаш, моддий ва маънавий зарарни қоплаш каби);
  • зўравон шахснинг қурол сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқи чекланади (хизмат қуролидан ташқари).

Ҳимоя ордери қай тартибда берилади?

Жабр кўрган аёл ёки бу ҳақда хабардор бўлган учинчи шахс (қўшни, қариндош ва бошқалар) яшаш ҳудудидаги ҳуқуқ-тартибот органларига ариза билан мурожаат қилади.

Хотин-қизлар масалалари бўйича профилактика инспекторлари жабрдийданинг яшаш шароитини ўрганиб чиқади. Маҳалла фаоллари, ҳудуддаги хотин-қизлар қўмитаси масъул вакиллари иштирокида вазият ўрганиб чиқилади, қўшниларнинг фикри ҳам олинади. Ҳар бир инстанция хулосаси жамланиб, 24 соат муддатда ордер бериш масаласи ҳал қилинади. 30 кунлик муддат учун бериладиган ҳужжат уч нусхада бўлади, яъни аризачи, зўравонлик содир қилган шахс ва профилактика инспекторида сақланади.

Ҳужжат юридик кучга эга бўлиб, шу 30 кун муддат ичида зўравонлик қилган шахс томонидан жабрланувчига нисбатан яна ҳолат такрорланса, унга нисбатан жиноят иши очилади. Хавф-хатар ҳали ҳам мавжудлиги аниқланса, ҳимоя ордерининг муддати яна узайтирилиши мумкин.

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ИИБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор Дилноза Сиддиқова ҳимоя ордерлари берилиши кўпайгани бўйича изоҳ берди.

«Ҳимоя ордерлари жорий қилингач, вилоятларнинг чекка ҳудудларидаги аксарият аҳолига бу ордер ҳақида маълумотлар етиб бормаган. Бошида ҳимоя ордери зўравонликка учраган шахснинг мурожаатидан сўнггина унга берилар эди. Эндиликда ички ишлар тизимининг 102 хизматида оила, турмуш доирасида юз бераётган ҳодисаларни қайд этиш йўлга қўйилган.

Фақат жабрланувчининг мурожаатига кўра эмас, шундай воқеага гувоҳ бўлган шахслар ҳам бизга хабар беришяпти. Эр-хотин, қайнона-келин, овсинлар ўртасидаги можароли ҳолатлар билан боғлиқ хабарларнинг ҳар бири профилактика инспекторлари томонидан назоратга олинади. Яъни биз ўзимиз улардан сўраяпмиз: «Сизнинг ҳуқуқларингиз поймол қилиняптими, руҳий, иқтисодий ёки жисмоний зўравонликдан азият чекяпсизми?» деб ва шу ордер ҳақида маълумот беряпмиз. Чунки уйда ўтирган, ижтимоий турмушда фаол бўлмаган, ҳуқуқларини мукаммал даражада билмайдиган аксарият аёлларимиз бу ҳақида маълумотга эга эмас.

Ҳимоя ордерлари берилиши ҳолатлари сони ошишига яна бир сабаб – такрорий ордер бериш, яъни ордер муддатини чўзиш ҳолатлари кўп кузатиляпти. Айрим оилаларда зўравон эркакка нисбатан чора кўрилиб, ордер берилгач, бир муддат хотиржам яшашади. Ордернинг муддати тугагандан кейин эса яна аввалги ҳолатдаги тазйиқлар давом эта бошлайди. Аёл мажбур бўлади оиласининг тинчлигини таъминлаш учун яна ордер сўрашга.

Шунинг учун ҳозирда ҳимоя ордери муддати тугашига яқин ҳар битта жабрланувчи билан телефон орқали суҳбатлашиб, вазиятга ойдинлик киритилади ва агар зўравон ўзини ёмон тутаётган бўлса ордер муддати яна чўзилади. Бунда зўравонга нисбатан икки марта маъмурий жавобгарлик қўзғатилади. Ундан кейин ҳам шу ҳол такрорланса, у жиноий жавобгарликка тортилади. Буни билгандан кейин эркак ҳам аёлига нисбатан одоб-ахлоқ нормалари доирасида муомала қилишга, унинг ҳуқуқларини бузмасликка ҳаракат қилади. Баъзи ҳолатларда аёлнинг, оиланинг тинчлигини таъминлашнинг чораси шу ордерлар бўлиб қолди», дейди у.

Top