Ҳимоя ордери нима?
Ҳимоя ордери – тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланишига сабаб бўладиган ҳужжат. Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган, уларни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси берилади.
Ордер қуйидаги ҳолатларда берилади:
- тазйиқ ва зўравонликдан жарбланган хотин-қизларнинг мурожаати;
- жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар;
- тазйиқ ёки зўравонлик ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан аниқланиши;
- давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар.
Олдинги қонунда айнан ҳимоя ордери бериш тартиби тўғрисида 8та қисм киритилган бўлса, янги қонунда тўлдирилиб 14 қисмга етказилган. Янги қонунда ҳимоя ордерини 1 йилга узайтириш имконияти ва бунинг учун судга мурожаат қилиш белгиланган. Қуйидаги қонундаги муҳим жиҳат ва қўшимчалар келтирилган.
Огоҳлантириш
Ҳимоя ордерини берган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахсни ҳимоя ордерининг шартлари ва уни бажармаслик оқибатлари, зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.
Ҳимоя ордерини ким ва қанча муддатга беради?
Тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида ҳимоя ордерини ўттиз кун муддатгача беради ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради.
Ҳимоя ордерини имзолашдан бош тортиш
Шахс ҳимоя ордерини олиш тўғрисидаги тегишли ҳужжатни имзолашни рад этган тақдирда, ҳимоя ордерини топшираётган ички ишлар органининг мансабдор шахси томонидан холислар иштирокида далолатнома тузилади.














