09:45 / 05.08.2021
4699

Дунёда коронавирус юқтириш ҳолатлари сони 200 миллиондан ошди

Фото: ТАСС

Дунёда коронавирус пандемияси бошидан бери қайд қилинган касалланиш ҳолатлари сони 200 миллиондан ошди. 4,3 млн киши вирус қурбонига айланди. Бундан Жонс Ҳопкинс университети маълумотлари дарак бермоқда.

Айни вақтда касалланиш ҳолатлари бўйича қуйидаги давлатлар етакчилик қилмоқда:  

  • АҚШ — 35,3 млн;
  • Ҳиндистон — 31,8 млн;
  • Бразилия — 20 млн;
  • Россия — 6,3 млн;
  • Франция — 6,3 млн.

Юқори ўнталикка, шунингдек, Британия, Туркия, Аргентина, Колумбия ва Испания ҳам кирган.

Коронавирусдан энг кўп ўлим ҳолатлари АҚШ (615 мингта), Бразилия (558 мингта) ва Ҳиндистонда (426 мингта) қайд этилган.

Айни вақтда дунёда вируснинг юқумлироқ ва хавфлироқ ҳисобланган “дельта” штамми жадал тарқалмоқда.

4 августда ЖССТ коронавирусга қарши вакцинанинг учинчи дозаси билан эмлашни, яъни ревакцинацияни камида сентябргача тўхтатиб туришга чақирган. ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесуснинг таъкидлашича, бундай чора дунёда вакцинанинг биринчи ва иккинчи дозаси билан эмлашнинг етарли даражасини таъминлаш учун зарур. Учинчи дозага мораторийни биринчи навбатда аҳолисининг катта қисми вакцинанинг икки дозасини олиб бўлган бой давлатлар киритиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Бироқ АҚШ ЖССТнинг бу ташаббусига қарши чиқди. Оқ уйда таъкидланишича, АҚШ ўз аҳолисини ревакцинация қилишга ҳам, вакциналарни хайрия мақсадида қолган давлатларга жўнатишга ҳам қурби етади.

Top