Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳашаматдан суд залига: саккиз йил дунёнинг энг бой одамлари рўйхатини бошқарган япон нега банкрот бўлганди?
2005 йил кузда Токио округ суди Япония фуқароси бўлган шахсга 4 йил шартли қамоқ жазоси беради. Бу шахснинг исм-шарифи Ёсиаки Цуцуми бўлиб, у 1980-йиллар иккинчи ярмидан бошлаб 1990-йиллар ўрталаригача нафақат Япониянинг, ҳатто дунёнинг энг бой одами бўлган. Хўш, япониялик миллиардер нега шартли қамоқ жазоси олганди?
Дунёдаги долларда биринчи миллиардер бўлган шахс америкалик нефт магнати Жон Рокфеллер ҳисобланади. У 1916 йилда миллиардерга айланади.
Кейинчалик пули миллиард доллардан ошганлар сони кўпайиб боради. 1987 йилдан бошлаб АҚШда чоп этиладиган “Форбс” журнали дунё миллиардерлари рўйхатини эълон қилишни бошлайди.
Ўша пайтда дунё бойлари рўйхатини 20 млрд доллар маблағга эга бўлган япониялик Ёсиаки Цуцуми бошқариб турарди. Бироқ кейинчалик бу одамнинг ишлари чаппасига кетади.
Пулларини йўқотади, ўзи маҳкамага тортилиб, қамалади. Хўш, япон миллиардери нега банкрот бўлганди?
Тадбиркорнинг ўғли
Ёсиаки Цуцуми 1934 йилда япониялик таниқли тадбиркор Ясудзиро Цуцуми оиласида туғилади. Унинг болалик йиллари Иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келади.
Урушдан сўнг Ёсиаки Токиодаги нуфузли университетда таҳсил олади. У тадбиркорликни талабалик даврида бошлайди ва Нагано шаҳрида скейт-маркази очади.
Ёсиаки университетни битиргач отасининг ёнига қайтади ва у эгалик қиладиган “Кокудо Корпорация” компаниясига ишга киради.
1964 йилда Ёсиакининг отаси Ясудзиро Цуцуми вафот этади. Ўшангача бир неча йил аввал Ясудзиро сиёсий қарашлари фарқ қилгани учун Ёсиакини меросхўрлар рўйхатидан ўчирганди.
Ясудзиронинг ўлимидан сўнг тўнғич ўғил Сэйдзи Цуцуми, ўгай она ва Ёсиаки ўртасида мерос талашиш бошланади. Шунда Сэйдзи ён беради ва Ёсиаки отасининг асосий компанияси – Seibu корпорацияси эгалигини олади.

Сэйдзи эса корпорациянинг бир бўлимига эгалик қила бошлайди ва кўп ўтмай Credit Saison компаниясини ташкил этади. Ёсиаки акаси билан рақобатга киришади ва кейинчалик Сэйдзига тегишли компаниянинг ҳам асосий ҳиссадорига айланади.
Ёсиаки Япониядаги айрим спорт турлари учун пул сарфлай бошлайди. Бир нечта спорт ареналари қуради. Хоккей жамоаларининг бирига эгалик қилади. Япония хоккей федерацияси президентига айланади.
Шунингдек, 1979 йилда Ёсиаки бейсбол жамоасини ҳам сотиб олади. Кўп ўтмай у Япония олимпия қўмитаси раиси бўлади. Қисқаси, Ёсиаки Япония спорти учун муҳим шахсга айланади.
Дунёнинг энг бой одами
Ёсиаки Цуцуми отасидан қолган корпорацияни яхши бошқаради ва унинг пуллари муттасил кўпайиб боради. 1980-йилларда Ёсиакининг пуллари миллиард доллардан ошганди. Бироқ унинг ҳисоби ҳақида аниқ маълумотлар йўқ эди.
1987 йилда АҚШда чоп этиладиган Форбс журнали илк бор дунёнинг энг бой одамлари рўйхатини эълон қилади ва Ёсиакини биринчи ўринга қўяди. Нашр ўша пайтда унинг пулларини 20 млрд долларга тенг деб ҳисоблаганди.
1990-йилларда ҳали интернет олами ва уяли алоқа тармоқлари ривожланмаган, америкалик миллиардерлар ҳали катта саҳнага чиқмаганди. Шу сабабли кўп тармоқли тадбиркорлик билан шуғулланиб келган Ёсиаки бир неча йил давомида дунёнинг энг бой одами мақомида қолади.
Жумладан, Форбс нашри уни 1987 йилдан бошлаб 1994 йилгача саккиз йил давомида дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида биринчи ўринга қўяди.
Ўша пайтларда Ёсиакининг компаниялари асосан кўчмас мулк ва ер савдоси билан шуғулланган, бозорнинг асосий қисмига ва Япония ҳудудининг 16 фоизига эгалик қилган.
1980-йилларда Япония кескин ривожланиш босқичида эди ва ўша даврларда кунчиқар юртда кўчмас мулк ва ер нархи муттасил ошиб борарди. Бу жараён Ёсиакининг маблағига маблағ қўшар ва унинг пуллари тобора кўпайиб борарди.
Суд ва шартли қамоқ жазоси
1990-йиллар ўрталарига келиб вазият ўзгара бошлайди. Япония иқтисодиёти ўсишдан тўхтайди ва бу энг аввал кўчмас мулк бозорига таъсир қилади.
Нархлар кескин пасаяди ва Ёсиаки эгалик қилаётган компанияларнинг акциялари ҳам арзонлаб кетади. Оқибатда миллиардер ўз пулларини йўқота бошлайди ва 1995 йилда дунёнинг энг бой одами деган мақомни бой беради.
1990-йилларнинг иккинчи ярмида Япониянинг Нагано шаҳри 1998 йилда ўтказиладиган қишки олимпия ўйинларини ўтказиш учун номзодини илгари суради.
Ўшанда бу шаҳар ғолиб бўлади ва унинг ютиб чиқишида гарчи ишлари унча силлиқ кетмаётган бўлса-да, Ёсиаки Цуцумининг роли катта бўлади. Миллиардер реклама, яна шаҳардаги спорт майдонларини шай ҳолга келтириш учун анча маблағ сарфлайди.
2002 йилда Токио полицияси Ёсиаки Цуцуми бир қатор қонунбузилиш ҳолатларини содир этганини аниқлайди. Жумладан, у Токио фонд биржасида иштирок этиш учун ҳужжатларни сохталаштирганликда айбланади. Иш судга ошади.
Шундан сўнг миллиардернинг бошқа ноқонуний ишлари чиқиб кела бошлайди ва улар бўйича ҳам полиция суриштирувлар ўтказади. Гарчи ноқонуний ишларда корпорациянинг бир қанча ходимлари иштирок этган бўлса-да, суд Ёсиакини асосий ташкилотчи деб топади.
2005 йил 17 январ куни АҚШнинг The Wall Street Journal нашри Ёсиаки Цуцуми ва унинг Seibu корпорациясидаги фаолияти бўйича полиция суриштирув ўтказаётгани ҳақида хабар тарқатади.
Унда ёзилишича, полиция корпорация штаб-квартирасида тинтув ўтказган ва Япония қонунчилиги бузилган ҳолатлар бўйича далиллар топган.
2005 йил 3 март куни миллиардер полиция томонидан ҳибсга олинади. Унга Токио фонд биржасида иштирок этишда қонунларни четлаб ўтиш ва қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонунларни бузганлик айбловлари қўйилади.
Ёсиаки ҳибсга олинган вақтдан бошлаб корпорация раҳбарлигини автоматик тарзда бўшатиб қўяди. Бироқ унинг ихтиёрида корпорациянинг анчагина акциялари бор эди.
Тергов жараёни бир неча ой давом этади ва 2005 йил 27 октябр куни Токио округ суди Ёсиаки Цуцумига нисбатан очилган жиноят иши бўйича ҳукм чиқаради.
Аввалига унга 30 ой қамоқ жазоси берилади, сўнг бу жазо тўрт йиллик шартли қамоқ жазосига алмаштирилади ва Ёсиаки озодликда қолади. Шунингдек, унга 5 млн иена миқдорида жарима тайинланади.
Ёсиакига берилган шартли қамоқ жазоси 2009 йил октябрда тугайди ва ўша пайтда у Seibu Holdings корпорациясининг йирик ҳиссадори бўлиб қолаверади.
Банкрот бўлган ва изсиз йўқолган миллиардер
Ёсиаки Цуцуми ҳали шартли қамоқ жазо ўтаётган пайтида, 2007 йилда унинг маблағи млрд доллардан ҳам камаяди ва у дунё бойлари рўйхатидан чиқиб кетади.
2016 йилда Ёсиаки Цуцуми ўзида бўлган акцияларни Seibu Holdings корпорациясига сотмоқчи бўлади. Бироқ корпорациянинг янги раҳбарлари уни судга беришади.
Бир неча ойдан сўнг томонлар келишувга эришади. Ёсиаки ўзида бўлган акцияларни сотади ва тушган пулдан 223 млн долларни етказган зарар учун корпорацияга товон пули сифатида тўлаб беради. Ундан ортган маблағ ўзида қолади.
Ўшандан кейин Ёсиаки Цуцуми ҳақида ҳеч қаерда ҳеч қандай хабарлар чиқмайди. Айрим маълумотларга кўра у ҳозир 91 ёшда ва омма назарига тушмасдан яшаб келмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бойликни ҳам сақлаш осон эмас. Ноқонуний ишлар эса бир кун ошкор бўлади. Бир пайтлар саккиз йил давомида дунёнинг энг бой одами бўлган ва кейинчалик пулларининг асосий қисмини йўқотган Ёсиаки Цуцумининг тақдири бунга мисол бўла олади.
Мавзуга оид
08:31 / 01.06.2026
БМТ банкротлик хавфига дуч келмоқда — WSJ
07:34 / 03.01.2026
Замонавий дунё заиф нуқталари: 6 йиллик глобал рисклар рейтинги
21:37 / 12.09.2025
Илон Маск дунёнинг энг бой одами унвонини атиги бир кунга йўқотди
22:19 / 10.09.2025