20:45 / 05.08.2021
19129

“Коронавирусга қарши курашда кафе-ресторанларни қурбон қилмайлик” — Зафар Ҳошимов

Махсус комиссия қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда умумий овқатланиш объектлари фақат очиқ майдонларда, соат 08:00дан 20:00гача ишлаши мумкин. Тадбиркор Зафар Ҳошимов коронавирусга қарши курашда танланган бу чорани қайта кўриб чиқишга чақирди.

Кафе ва ресторанлар фаолияти пандемия даврида чекланаётгани тармоқ учун оғир бўлмоқда, дея ёзди тадбиркор Зафар Ҳошимов ўзининг Facebook'даги саҳифасида.

“Кафе ва ресторанлар – тадбиркорларнинг асосий ўзаги ва форпости. Aйнан шу соҳада энг ижодкор ва жасур, ҳеч қанақа рискдан тап тортмайдиган одамлар тўпланган. Бу соҳанинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам жуда тез аён бўлади. Бу бизнесда ўртамиёна бўлиб бўлмайди, сен ё муваффақиятлисан, ёки йўқ. Бир сўз билан айтганда, мазкур бизнес ҳаммага ҳам эмас.

Биз, шаҳарликлар, мижозлар учун кафе-ресторанлар шунчаки ошқозон ғамини ейдиган жой эмас, балки дўстлар, яқинларимиз ва қадрли инсонларимиз билан учрашадиган, ҳаётимиздаги муҳим воқеаларни нишонлайдиган, мулоқот қиладиган, ҳаяжонли дақиқаларни кечирадиган жой ҳамдир. Кафе ва ресторанлар музокаралар учун жуда самарали жой. Чунки бир дастурхон атрофида ўтирганда ишонч ўз-ўзидан мустаҳкамланади, ўзаро келишувларга жуда тез келинади. Кафе ва ресторанлар шу маънода шаҳарнинг ижтимоий эпицентридир”, – деб ёзади тадбиркор.

Зафар Ҳошимов кўп саёҳат қиладиган одам сифатида айнан кафе ва ресторанлар у ёки бу шаҳар ҳақидаги фикр шаклланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этишини қайд этган.

Тадбиркор айнан кафе ва ресторанлар коронавирусга қарши урушда айбдор деб топилиб, қурбонликка маҳкум этилганини тушунмаслигини таъкидлайди.

“Ишончим комилки, одамлар айнан кафе ва ресторанларда вирусни юқтириб олаётганини исботлайдиган ишончли тадқиқотлар йўқ. Гап албатта, юзлаб одамлар билан тўй-томоша қилиш ҳақида кетмаяпти. Aлбатта, соат 20:00гача ҳам кафе-ресторанларда одамлар тўпланиб қолиши мумкин, қолаверса, мавжуд талабларга бўйсунмасдан ишлаётган кафе-ресторанлар ҳам бор. Энг ёмони ҳам шу.

Ушбу юзага келган вазиятни зудлик билан тузатиш керак. Шундай чора-тадбирлар жорий қилиш мумкинки, умумий овқатланиш муассасалари ўзини оқламаган вақт ва жой чекловларидан қатъи назар ҳам ишлай олади”, – деб ёзди у.

Telegram'даги davletovuz канали Зафар Ҳошимовнинг фикрларини қўллаб-қувватлаб, коронавирусга қарши кураш, албатта, мантиқ ва илмий хулосаларга асосланса, иқтисодиёт ҳам ютқазмаслиги, одамларда ҳам ҳақли эътирозлар туғилмаслигини таъкидлади.

“Тошкентда яшайдиган одам борки, соат 20:00дан кейин ишлайдиган “элита” жойларни ҳам, пана-панада ишлайдиган одми жойларни ҳам билади. Кимдир танка билан, кимдир пул билан, кимдир тақдирга таваккал қилиб ишлаяпти.

Қарийб 16 ойки, коронавирусга қарши яхшигина тажриба тўпладик. Лекин қадамларимизда ҳали ҳам мантиқсизлик бор. Бир марталик чоралар, мантиқсиз хатти-ҳаракатлардан тийилайлик. Миллиардлаб маблағ сарфлаб фестивал-концерт ўтказиб, сўнг миллиардлаб солиқ ва миллион одам учун ош-нон берадиган кафе-ресторанларни ёпмайлик. Бу йўқотишни ҳеч ким қопламаяпти, афсуски. Биз Aмерика эмасмиз, “вертолёт пулларимиз” йўқ.

Модомики шундоқ ҳам кафе-ресторанларни вирус ўчоғи деб билишар экан, балки ходимларини тўлиқ эмлаган кафе-ресторанларга тўлиқ ёки вакцинанинг камида иккита дозасини олган мижозларни QR-код орқали хизмат кўрсатиш учун қабул қилишга рухсат берилар. Ҳам рағбат, ҳам иқтисодиёт юради.

Aқлли, инсофли, мантиқли бўлайлик. Тўсатдан ёпиб, тўсатдан очиб ишлаш – стресс. Мавҳумлик бизнес учун ҳам, одамлар учун ҳам оғир. Махсус комиссия фаолияти шаффофроқ, унинг ҳаракатларини, ташлайдиган қадамларини прогноз қилиш имконияти бўлса ишонч кучаяди. Ҳеч ким ютқазмайди”, – дея ёзмоқда блогер.

Aввалроқ, карантин чекловларидан қийналаётган рестораторлар ҳукуматдан ёрдам сўраётгани хабар қилинганди.

Kun.uz'га мурожаат қилган ресторан ва кафелар эгалари чеклов сабаб қийин вазиятга тушиб қолгани, кундалик тушум тушиб кетгани, агар чекловларда енгилликлар берилмаса, иш ўринларини қисқартиришга мажбур бўлишлари, бу йил ўтган йилдан фарқли равишда карантин пайтида солиқ имтиёзлари ҳам йўқлиги ҳақида сўзлаб берганди.

Top