19:28 / 07.08.2021
5413

Алимент тўловларининг 60 фоиздан ортиғи ихтиёрий равишда тўланаётгани маълум қилинди

МИБ Фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳужжатларини ижро этиш бўлими бошлиғи Аҳрорбек Арзиевнинг айтишича, суд қарори билан белгиланган алимент тўловларининг 60 фоиздан ортиғи қарздорлар томонидан ихтиёрий равишда тўланмоқда. У бу ҳақда 6 август куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Оила кодексида ҳам алиментни ихтиёрий тўлаш алоҳида модда сифатида кўрсатилган. Бугунги кунда бюро органлари иш юритувида 293 мингдан ортиқ алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўлса, уларнинг 60 фоиздан ортиғи бўйича тўловлар ихтиёрий равишда тўланмоқда.

Агар қарздор ишласа, МИБ унинг иш ҳақидан алимент тўловини ушлаб қолиш бўйича иш берувчига талабнома киритса ҳамда алимент ҳар ой иш ҳақидан ушлаб қолинса, бу ихтиёрий бўладими ёки мажбурийми деган савол юзага келади. Алимент тўловлари вақтида ўтказиб борилаётгани учун ундирувчида эътироз бўлмаса, иш ҳақидан ушланмалар вақтида олиб қолинаётгани учун уларни ҳам ихтиёрий тўлов сифатида қабул қиламиз.

Шунинг ҳисобига ҳозирги кунда 60 фоиз алиментлар ихтиёрий равишда тўланмоқда. Қолган 40 фоизи бўйича мажбурий ижро ҳаракатларини тўлақонли амалга оширяпмиз”, дея Аҳрорбек Арзиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аҳрорбек Арзиев

МИБ ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳозир бюро иш юритувидаги 1 миллион 346 мингта ижро ҳужжатининг 293 мингтасини (22 фоизи) алимент тўловларига оид ижро ишлари ташкил қилади.

Аввалроқ республика бўйича 2364 нафар аёл суд қарорларига мувофиқ фарзандининг таъминоти учун алимент тўлаётгани айтилганди.

МИБ директорининг биринчи ўринбосари Шавкат Ҳайдаровнинг таъкидлашича, йил бошидан буён 4,2 миллиард сўмлик 31 та уй, 1,5 миллиард сўмлик 15 та автотранспорт воситалари қарздорлардан олдиндан тўлов тариқасида алимент олувчиларга ундириб берилган.

Top