11:17 / 07.08.2021
3835
2021 йилда 31 та уй, 15 та автомобиль алимент тўлови сифатида ундирилган – МИБ

МИБ директорининг биринчи ўринбосари Шавкат Ҳайдаровнинг таъкидлашича, йил бошидан буён 4,2 миллиард сўмлик 31 та уй, 1,5 миллиард сўмлик 15 та автотранспорт воситалари қарздорлардан олдиндан тўлов тариқасида алимент олувчиларига ундириб берилган.

“Болаларнинг моддий таъминоти учун йил бошидан буён 37 миллиард 300 миллион сўмдан ортиқ алимент ундирилди. Шунингдек, 4,2 миллиард сўмлик 31 та уй, 1,5 миллиард сўмлик 15 та автотранспорт воситалари қарздорлардан олдиндан тўлов тариқасида алимент олувчиларига ундириб берилди.

Бугунги кунга келиб, алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизимига 293 мингдан ортиқ алимент олувчи ва тўловчи ҳақидаги маълумотлар киритилиб, ижро ҳаракатлари билан “онлайн” режимда танишиб бориш имкони яратилди. Ҳар бир алимент олувчи номига банк ҳисобварағи очилиб, уларга 98 минг дона пластик карточка тарқатилди.

Шунингдек, алимент тўлаш учун истаги бўлиб, иш масаласида ечим тополмаган 34 минг 402 нафар ишсиз алимент тўловчиларнинг иш бандлиги ҳал қилинди”, дея Шавкат Ҳайдаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шавкат Ҳайдаров
МИБ директорининг биринчи ўринбосари

Аввалроқ республика бўйича 2364 нафар аёл суд қарорларига мувофиқ фарзандининг таъминоти учун алимент тўлаётгани айтилганди.

МИБ ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳозир бюро иш юритувидаги 1 миллион 346 мингта ижро ҳужжатининг 293 мингтасини (22 фоизи) алимент тўловларига оид ижро ишлари ташкил қилади.

Top