16:52 / 14.08.2021
16129

Тошкентда Вишванатан Ананд иштирок этаётган халқаро шахмат турнири бошланди

Бугун, 14 август Тошкент шаҳрида шахмат бўйича «Zakovat-Gambit» турнирининг финал баҳсларига старт берилди. Ушбу кун дастурида финал босқичи иштирокчилари 6 турдан иборат саралаш ўйинларида иштирок этишди. 

Республика бўйича 3760 нафардан зиёд шахматчилар иштирок этган турнирнинг финал босқичида дунё миқёсида юқори рейтингга эга гроссмейстерлар ҳиндистонлик 5 карра жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд, аёллар шахмати афсонаси Юдит Полгар, 2004 йилда Триполида ўтган жаҳон чемпионати ғолиби Рустам Қосимжонов, Тимур Гареев ва Гулрухбегим Тоҳиржонова иштирок этишди. 

«Бизга бунақа мусобақа жуда керак эди. Ўзбекистонда шахматни севишади, ўйновчилар ва мусобақалар кўп. Лекин бу даражадаги мусобақа бўлмаганди. Саралашда минглаб иштирокчилар қатнашди. Квалификациядан ўтган шахмат усталари бир нечта гуруҳларда финал турнирида иштирок этишмоқда. Менимча, биринчи марта Ўзбекистоннинг энг кучли шахматчилари битта мусобақада иштирок этмоқда. Миллий жамоамиз ҳам шу ерда. Мана шу каби мусобақалар кўпроқ бўлишини хоҳлардик», - деди Рустам Қосимжонов. 

Вишванатан Ананд ва Рустам Қосимжонов

«Бу мусобақа олдиндаги катта мусобақаларимизнинг бошланиши. Тез орада Агзамов хотира турнири, «Тashkent Open» мусобақалари бўлиб ўтади. Турнирларнинг ташкил этилиш савияси ҳам олдингиларидан анча яхшиланган. Олдимиздаги мусобақаларда кўпроқ гроссмейстерлар ва турли давлатлардан иштирокчилар қатнашиши кўзда тутилган. 

Ҳозирги турнирнинг савияси унда иштирок этаётган кучли шахматчилардан ҳам маълум. Бу каби мусобақалар кўпроқ ташкил этилиб, биздан ҳам кўпроқ чемпионлар чиқишига умид қилиб қоламиз», - дейди финал босқичи қатнашчиларидан бири Абдумалик Абдусалимов. 

«Шахматдаги узоқ йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, жаҳон миқёсида ҳам бу каби турнирларни топиш қийин. Биринчи босқични қатнашиш истагидагилар кўплиги учун онлайн форматда «Chess.com» сайти билан ҳамкорликда ўтказдик. Ушбу сайт ҳозирда Жаҳон шахмат федерациясининг ҳамкори ҳисобланади. 

Интернетдаги саралаш босқичларидан ўтган шахматчилар ўртасида кеча якуний саралаш баҳслари бўлиб ўтди. Бугунги учрашувлардан сўнг, эртага иштирокчилар 5та гуруҳга бўлинган ҳолда ғолиблик учун кураш олиб борадилар. Ҳар бир гуруҳда 1-ўринга 50 млн сўм, 2-ўринга 30 млн сўм ва 3-поғонани эгаллаган иштирокчига 20 млн сўм соврин тақдим этилади. Аёллар ўртасидаги мусобақа ғолибига 20 млн сўм пул мукофоти берилади. 

Бу турнир Ўзбекистонда шахмат ривожи учун катта туртки бўлади, деб ўйлайман. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида минглаб шахмат ихлосмандлари мусобақада иштирок этишди», - деб айтди турнир ташкилотчиси, «Sky Chess» шахмат мактаби асосчиси Алишер Мўъминов. 

Эртага, расмий ўйинлар якунланганидан сўнг, турнирга ташриф буюрган машҳур гроссмейстерлар ёш шахматчилар учун мастер-класс ўтиб бериши режалаштирилган. Ушбу мусобақанинг умумий соврин жамғармаси 610 млн сўмни ташкил этади.

Top