Иқтисодиёт | 11:15 / 19.08.2021
11957
3 дақиқада ўқилади

Июлда ўзбекистонликларнинг уй сотиб олиш кўрсаткичи 16 фоизга камайди

2021 йилнинг июлида Ўзбекистонда 18,1 мингта кўчмас мулк олди-сотди шартномалари тузилди, бу ўзбекистонликлар июл ойида ўтган ойга нисбатан 16 фоизга камроқ уй сотиб олганини кўрсатади. Бунинг сабаби нимада?

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, 2021 йилнинг июль ойида Ўзбекистонда 18,1 мингта кўчмас мулк олди-сотди шартномалари тузилди, бу 2020 йилнинг мос даврига (16,1 минг) нисбатан 12,5 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, жорий йилнинг июнь ойига нисбатан кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 16 фоизга камайди.

Июль ойида кўчмас мулк олди-сотди суръатлари секинлаша бошлади ва сотиб олиш фаоллигига таъсир қилувчи асосий омил пандемия билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашуви бўлди.

Талаб пасайишининг сабаблари нимада?

“Жорий йил июль ойи кўрсаткичларини ўтган йилнинг июль ойи билан таққослаш унчалик ҳам тўғри бўлмайди, чунки 2020 йил июль ойида локдаун ҳолати амалда эди.

Кўчмас мулк бозорида битимлар сони камайишининг асосий сабаблари эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашуви бўлиб, бунинг натижасида потенциал харидорлар ҳозирги бозор шароитларида битимлар тузишни фойдасиз ҳисоблаб, ноаниқликлар тарқалишини кутишади. Шу билан бирга, таъкидлаш керакки, карантин чекловлари бутун мамлакат бўйлаб амал қилмоқда, бу ҳам иқтисодиётга босим ўтказишда давом этмоқда. Бу Марказ томонидан ўтказилган параллел тадқиқотда ҳам қайд этилган, хусусан кичик ва ўрта бизнес вакилларининг 17 фоизи пандемиянинг товарлар/хизматларга бўлган талабга салбий таъсирини қайд этган”, дейилади марказ тадқиқотида.

Кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони ўзгариши индекси

Ипотека кредитлари ҳам камайди

Кўчмас мулк бозорида талабнинг сезиларли даражада пасайишига сабаб бўлган бошқа омиллар орасида аҳолига берилган ипотека кредитлари сонининг камайиши ҳам бор.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, жорий йилнинг июль ойида ипотека кредитлари сони 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 4,3 фоизга камайган. Июнь ойида эса пасайиш 53 фоизни ташкил этди.

Умуман олганда, 2021 йил 7 ойида берилган ипотека кредитлари сони ўтган йилнинг шу даври билан таққосланганда 19,2 фоизга камайди.

Қайси ҳудудда талаб пасайди?

Ҳудудлар кесимида жорий йилнинг июн ойига нисбатан барча ҳудудларда талабнинг пасайиши кузатилди. Энг юқори пасайиш суръатлари Бухоро (27,3 фоиз), Наманган (22,1 фоиз), Қашқадарё (20,7 фоиз), Навоий (18,1 фоиз), Самарқанд (17,8 фоиз) вилоятларида қайд этилди.

Ипотека кредитлари қайси ҳудудларда камайди?

Шу билан бирга, 2021 йилнинг июль ойида берилган ипотека кредитлари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Қашқадарё (60,1 фоиз), Бухоро (40,3 фоиз), Жиззах (39,9 фоиз), Сирдарё (34,1 фоиз), Сурхондарё (29 фоиз) вилоятларида сезиларли даражада камайди.

Талаб қачон тикланиши мумкин?

Кузга бориб таътил мавсумининг тугаши ҳамда фаол иш мавсумининг бошланиши билан кўчмас мулк бозорида талабнинг ошиши кутилиши мумкин. Шунингдек, оммавий эмлаш ҳам талабнинг тикланишига ёрдам беради.

Aввалроқ, Ўзбекистонда 2-чоракда уй-жой нархи 1-чоракка нисбатан 5 фоизга қимматлагани маълум қилинганди. Бу пандемия даврида “кечиккан талаб” омили билан изоҳланганди.

Мавзуга оид