Ўзбекистон | 12:36 / 20.08.2021
13607
2 дақиқада ўқилади

«Солиқ идоралари қўллаётган айрим жарималар сони ва миқдорининг ортгани мени хавотирга солмоқда» - Президент

Ўзбекистонда солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, солиқ идораларининг назорат функцияларини такомиллаштириш юзасидан жиддий чораларни амалга ошириш зарур. Бу ҳақда президент тадбиркорлар билан мулоқотда маълум қилди.

Қайд этилишича, келгуси йил 1 январдан бошлаб, солиқ идоралари ўз электрон дастурлари орқали бизнес субъектларига ҳисоботларини шакллантириш хизматини йўлга қўяди.

“Ҳисоботларни кечиктириб топшириш билан боғлиқ молиявий санкцияларни қўллаш тартиби эса тўлиқ бекор қилинади. Шунингдек, солиқ идоралари қўллаётган айрим жарималар сони ва миқдорининг ортгани мени хавотирга солмоқда.

Ўтган йили камерал назорати натижасида 336 та корхонага 51 миллиард сўм молиявий жарима қўлланилган бўлса, жорий йил 6 ойда 3 мингдан зиёд тадбиркорларга 900 миллиард сўмдан ортиқ жарима белгиланган.

Шунинг учун, Қўчқоров, Ишметов, Қудбиев, Давлетов, Қосимов бир ой муддатда солиқ идораларининг камерал назорати натижасига кўра, молиявий жарима қўллаш амалиётини бекор қилиш бўйича таклиф киритсин.

Амалдаги тартибга кўра, тадбиркорлар қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисобот топшириши билан бирга, ундаги фарқни қайтариш учун солиқ идораларига алоҳида мурожаат қилишга мажбур. Бу – 14 минг тадбиркорнинг фаолиятига бевосита боғлиқ бўлиб, улар учун қўшимча вақт, ортиқча сарсонгарчилик, дегани. Ишметов, Қудбиев бу масалани чуқур ўрганиб, келгуси йилдан қўшилган қиймат солиғини қўшимча ҳужжатсиз қайтариш тартибини амалиётга жорий этсин”, деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид