18:58 / 20.08.2021
151047

«Толибон» раҳбариятидаги олти киши. Улар ҳақида нималар маълум?

«Толибон» атиги 10 кун ичида бутун Афғонистонни эгаллаб олиб, кўпчиликни ҳайрон қолдирди. 15 август куни ҳаракат вакиллари пойтахт Кобулга киришди. Улар мамлакатда яна ислом амирлиги тузилганини эълон қилишга ҳозирланишмоқда.

Ҳаракат раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода ҳисобланади, аммо толибларнинг ғалабаси ҳақида биринчи бўлиб унинг ўринбосари, ташкилотнинг сиёсий қаноти раҳбари Абдулғани Биродар Доҳадаги офисдан туриб эълон қилди. Ҳозирча мамлакатни айнан ким биринчи раҳбар сифатида бошқариши ва ҳукумат таркибидан кимлар ўрин эгаллаши тасдиқланмаган. Аммо ташкилотнинг асосий етакчилари ҳақида айрим маълумотлар бор.

1. Мавлавий (бошқарувчи) Ҳайбатуллоҳ Охундзода
Ҳаракат асосчиси Мулла Умар (2013 йилда вафот этгани айтилади) ва унинг вориси мулла Ахтар Мансур (2016 йилда ҳалок бўлган)дан кейин толибларга етакчиликни қўлга олган учинчи олий қўмондон. У ҳозирги лавозимини 2016 йил майида эгаллаган. Ҳарбий эмас, кўпроқ диний уламо сифатида маълум.

Мавлавий Ҳайбатуллоҳ Охундзода - «Толибон»нинг учинчи етакчиси 
Фото: Afghan Islamic Press via AP

Охундзода жанубдаги Қандаҳор вилоятида, тасдиқланмаган маълумотларга кўра 1961 йилда туғилган. Унинг отаси қишлоқ имоми бўлган.

1980-йилларда советларга қарши жанг қилган мужоҳидлар сафига қўшилган, аммо тўғридан тўғри ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаган.

Кейин оиласи билан Покистонга кўчиб ўтган, ушбу мамлакат шимолидаги Кветта шаҳрида ўрнашган ҳамда шу ердаги мадрасада таҳсил олган.

1994 йилда эса аввалига диний мактабларнинг радикал кайфиятдаги талабаларини бирлаштирган, ўша вақтда Покистон ҳудудида мулла Умар ва унинг уч ҳаммаслаги томонидан асос солинган «Толибон»га қўшилади.

Толибларнинг илк бошқарув даврида (1996-2001) ҳарбий судни бошқаради, олий суд раисига ўринбосарлик қилади. Ўшанда толиблар телевидение, кино, мусиқа, косметика, спорт ва 10 ёшдан катта қизларнинг мактабда ўқишини тақиқлашганди. Мамлакатда тошбўрон қилиш, қўл кесиш ва омма олдида калтаклаш каби жазолар амал қиларди. Айнан Охундзода кўплаб фатволар чиқарган.

Афғонистонда толиблар режими ағдарилгач, Охундзода яна Покистонга кўчиб, мамлакат жануби-ғарбидаги Кучлак шаҳридаги мадраcа ва диний мактабларда дарс берган. Бу шаҳар Кветта (коллегиал бошқарув органи - «Кветта шўроси» ҳам шу ерда) яқинида жойлашган.

Мулла Умарнинг сурати кўп эмас. У 2013 йилда вафот этгани айтилади / EPA

2013 йилда мулла Умар вафотидан кейин ҳаракат етакчилигини мулла Ахтар Мансур ўз қўлига олган ва Охундзодани ўзига ўринбосар этиб тайинлаган, у «Толибон» терактларининг асосий ташкилотчисига айланган. Мулла Умарнинг ўлимидан сўнг ҳаракат раҳбарияти тизими ўзгарган: ваколат бир неча кишига тақсимланган. Раҳбарнинг икки ўринбосари тайинланади, ўз навбатида етакчилар учлиги оқсоқоллар кенгашига таянади, оқсоқоллар эса турли соҳалар учун (ҳарбий, сиёсий, соғлиқни сақлаш, таълим) масъул ҳисобланади, энг қуйи даражада эса дала қўмондонлари ва соядаги (Кобулдаги ҳукуматга параллел) губернаторлар жойлашади.

  • Экспертларнинг маълумотларига кўра, Афғонистон эгалланишидан олдин ҳаракат жангарилари сони 55 мингдан 75 минггача баҳоланган. Пуштун тилидан ўгирилганда «ўқувчилар» маъносини берувчи ҳаракат ўзагини 1980-йилларда советларга қарши жанг қилган мужоҳидлар ташкил этган. «Толибон» сунний мазҳабидаги мусулмонларни бирлаштиради, ҳаракат тарафдорлари асосан афғон пуштунлари, аммо унинг таркибида бошқа халқлар — тожиклар, ўзбеклар ва ҳатто шиа мазҳабига мансуб ҳазорийлар ҳам бор.

2016 йил майида мулла Мансур Покистоннинг Белужистон вилоятида дрон зарбасига учраб ҳалок бўлганидан бир неча кун ўтиб Охунзода ҳаракатнинг янги раҳбари сифатида эълон қилинади.

Экспертлар унга «Толибон»да юзага келган ички бўлинишни бартараф этиш масаласи қўйилганини айтишади, Мансур даврида ҳаракатда ички зиддият бошланган ва ўзаро қуролли тўқнашувлар ҳам рўй берган. Улар унинг камтар киши эканини инобатга олиб, ўзидан аввалги раҳбарлардан фарқли равишда Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши учун музокараларга рози бўлишини тусмол қилишган. Аммо ҳаракат аъзолари Охундзода ҳамиша муросасиз бўлгани ва келишишга ҳаракат қилмаслигини айтишган.

Охундзоданинг 23 ёшли ўғли 2017 йилда портловчи моддалар тўлдирилган юк машинасини Афғонистон жанубидаги армия базасига ҳайдаб бориб, худкушлик қилади. Укаси 2019 йилда Покистоннинг Кветта шаҳридаги масжидда рўй берган портлашда ҳалок бўлган.

У толиблар орасида қатъий консерватор сифатида маълум. Афғон журналисти Сами Юсуфзай у мобил телефондан фойдаланишни билмаслиги ва жамоатчилик қаршисига чиқишни ёқтирмаслиги ҳақида айтган. Толиблар Охундзодадан унинг суд тизимидаги ўтмиши туфайли қаттиқ ҳайиқишади.

Унга ҳам бир неча бор суиқасд уюштирилгани ҳақида хабарлар чиққан. Матбуот бир неча бор унинг ўлими ҳақида хабар тарқатган (хусусан, коронавирус туфайли), аммо бу маълумотлар тасдиқланмаган. 

Август ойи бошида толиблар расмийси (матбуот котиби) Забиҳуллоҳ Мужоҳид ҳаракат Охундзода томонидан бошқарилиши ва у барча масалаларда (диний, сиёсий ва ҳарбий) юқори авторитет ҳисобланишини тасдиқлаганди.

2. Абдулғани Биродар
Охундзоданинг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари. «Толибон»нинг тўрт асосчисидан бири. Бош дипломат ва ҳаракатнинг жамоатчилик учун юзи.

Ibraheem al Omari / Reuters / Scanpix / LETA

16 август куни айнан у толибларнинг ғалабаси ҳақида расмий баёнот берди.

1968 йилда Афғонистоннинг марказий қисмида жойлашган Урузгон вилоятида туғилган, Қандаҳорда улғайган, советлар босқинига қарши озодлик ҳаракатида иштирок этган ва ўша вақтда мулла Умар билан танишган. Совет ҳарбийлари мамлакатдан олиб кетилгач, у мулла Умар билан бирга Қандаҳорнинг Майванд қишлоғида мадраса очган ва кейинроқ «Толибон» асосчиларидан бирига айланган. Унга Биродар (ука) номини мулла Умар берган.

Бу ердаги маҳаллий бошлиқларнинг ҳаракати уларга ёқмайди ва улар исён бошлашади, якунда уларнинг кураши деярли бутун Афғонистон эгалланишига олиб келади.

Биродар аввалига толибларнинг бош штаби жойлашган Қандаҳорда мулла Умарнинг ўнг қўли бўлади, кейин ғарбдаги кучларга қўмондонлик қилади, 1996 йилда толиблар ҳукуматга келгач, Биродар Кобул гарнизони раҳбарига айланади.

У «Толибон»нинг асосий ҳарбий стратегларидан бири бўлади. Мавжуд маълумотларга кўра, у ҳарбий ҳаракатлар ва терактларни режалаштиришда муҳим ролни бажариб, уларни молиялаштиришга масъул бўлган. У мулла Умарнинг яқин кишиларидан бўлган, хабарларга кўра, унинг синглисига уйланган. 2001 йилда америкаликлар Афғонистонга кириб келганида Биродар мудофаа вазири ўринбосари лавозимини эгаллайди.

2009 йилда унинг биографиясини ёзган Newsweek журнали мухбири у кунига 18 соатлаб ишлагани, эҳтиёткорлик нуқтайи назаридан бир жойда ҳеч қачон икки марта тунамагани, 2001 йил ноябрида Қандаҳор америкаликлар томонидан бомбардимон қилинган вақтда айнан унинг сергаклиги мулла Умарнинг ҳаётини сақлаб қолгани ҳақида ҳикоя қилади. Ўшанда Биродар толиблар етакчисини мотоциклда тоғларга олиб чиқиб кетган.

Толиблар мағлубиятга учрагач, у бошқа етакчилар қаторида Покистон ҳудудига чекинади. У 2010 йил февралида Карачида Америка ва Покистон махсус хизматлари ҳамкорлигида ўтказилган амалиёт чоғида қўлга олинган. ОАВда унинг қўли занжирбанд ва кўзи боғлиқ ҳолатдаги суратлари тарқалган.

Покистон қамоқхонасида саккиз йил ўтказган ва 2017 йил охирида тинчлик жараёни бошланиши доирасида озодликка чиқарилган. Бу Афғонистондан ҳарбийларни олиб чиқиш ҳақида ўйлай бошлаган АҚШ ҳукумати сўрови билан рўй берган, америкаликлар прагматик музокарачи сифатида маълум бўлган Биродар орқали толиблар билан келишувга эришишни мақсад қилишганди.

2019 йил январидан Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги офисда фаолият юритган Биродар бу ерда 2020 йил 29 февралида америкаликлар билан ўтказилган музокараларда толиблар делегациясига раҳбарлик қилади ва АҚШ Давлат котиби Майк Помпео билан тинчлик келишувини имзолайди.

2020 йил сентябрида Абдулғани Биродар Қатарда АҚШнинг ўша вақтдаги давлат котиби Майк Помпео билан учрашганди

У Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқот ўтказган, Хитой ва Россия ташқи ишлар вазирлари Ван И ва Сергей Лавров билан учрашувларда қатнашган.

АҚШ мудофаа вазирининг Афғонистон ва Покистон масалалари бўйича ўринбосари бўлган Дэвид Седни Al Jazeera мухбири билан суҳбатда айтишича, Барак Обама президентлиги вақтида, бундан ўн йил муқаддам Биродар толибларнинг «диссидентлик» фракциясини бошқарган, бу гуруҳ ўша вақтдаги афғон президенти, АҚШ томонидан президентликка келтирилган Ҳамид Карзай ҳукумати билан сулҳ тузиш учун музокаралар ўтказмоқчи бўлган. Маълумот учун, Биродар ва Ҳамид Карзай пуштунларнинг попалзай қабиласига мансубдир.

Аммо 2009 йилда Американинг Newsweek журналига берган интервьюсида Биродар америкаликлар Афғонистондан чиқиб кетмас экан, толиблар қуролларини ташламасликларини айтади.

Биродар билан бир неча бор учрашган афғон журналисти Сами Юсуфзайнинг тасвирлашича, у хотиржам ва «фақат бор нарсалар ҳақида гапирувчи» дипломат сифатида тасвирлайди. Унинг ҳисоблашича, у толиблар орасида катта обрў қозонган ва унда «етакчилик учун катта амбициялар бор».

Биродар шу кунларда Доҳадан Афғонистонга учиб келган ва Қандаҳорга йўл олган.

3. Муҳаммад Ёқуб

Унинг суратлари очиқ манбаларда мавжуд эмас / РБК иллюстрацияси

Марҳум мулла Умарнинг ўғли, Ҳайбатуллоҳ Охундзоданинг ҳарбий ишлар бўйича ўринбосари. Унинг ёши 30 атрофида.

Мулла Ахтар Мансур 2016 йилда америкаликларнинг дрони зарбаси оқибатида ҳалок бўлгач, унинг ўрнига «Толибон» раҳбарлигини эгаллаш учун асосий номзод сифатида кўрилган. Аммо унинг ўзи ҳали жуда ёшлиги ва тажрибасизлиги туфайли Охундзода номзодини таклиф этган - бу ҳақда Al Jazeera телеканали ўша учрашувда иштирок этган манбасига асосланиб хабар берган.

Муҳаммад Ёқуб Абдулғани Биродар билан ҳам яхши муносабатларга эга ва Афғонистон ҳукумати билан тинч музокаралар ўтказиш тарафдори бўлиб келган, ҳаракатнинг мўътадил қанотини ифода этади. Британия Қироллик мудофаа тадқиқотлари институти (RUSI) унинг Саудия Арабистони билан яқин алоқаларга эгалиги ҳақида ёзган.

2020 йилда ҳаракат раҳбари коронавирусга чалинганида вақтинча ташкилот раҳбари вазифасини бажарувчи бўлган.

10 август куни ҳукуматга қарши ҳарбий ҳаракатлар авж палласига кирган маҳалда «Толибон» билан боғлиқ ресурслар унинг ҳаракат аъзоларига йўллаган мурожаатининг аудиоёзувини тарқатишди. Беш дақиқалик нутқида у ҳужумлар вақтида қатағонлар қилмасликка чақирган. Хусусан, қуролларни топшириб, таслим бўлган ҳукумат ҳарбийларини ўлдирмасликни, шунингдек, аҳоли ташлаб кетган уйларни, ходимлар жонини омон сақлаш учун кетиб қолган бозорларни ҳамда корхоналарни талон-торож қилмасликни сўраган.

Афғонистонлик журналист Фрад Бежаннинг сўзларига кўра, у Покистондаги исломий мактабларда таҳсил олган, отасининг обрўси туфайли ҳаракат раҳбариятига кирган.

4. Сирожиддин Ҳаққоний

Сирожиддин - советларга қарши курашган мужоҳидлар етакчиларидан бири бўлган ва америкаликлар томонидан қўллаб-қувватланган Жалолиддин Ҳаққонийнинг ўғли. Унинг ўзи ҳам 1980-йилларда мужоҳидларнинг асосий дала қўмондонларидан бирига айланган. Жалолиддиннинг вафоти ҳақида 2018 йилда эълон қилинган, толибларга қўшилишдан олдин Сирожиддин отаси томонидан тузилган «Ҳаққоний тармоғи» номли йирик гуруҳни бошқарган.

У 2015 йилда толиблар «бошқаруви»га қўшилган. Унгача отасининг ташкилоти жангчилари билан бирга курашни давом эттирган. 

«Ҳаққоний тармоғи» толиблар сафидаги энг яхши ташкиллаштирилган ва жанговар қобилияти юқори бўлган қисм ҳисобланади. Бу ташкилот афғон армияси ва халқаро коалиция ҳарбийларига уюштирилган энг шов-шувли ҳужумлар, шунингдек, Кобулдаги меҳмонхона, Ҳиндистон элчихонаси ҳамда аввалги президент Ҳамид Карзайга суиқасд учун жавобгар саналади. 

Сирожиддин Ҳаққонийнинг ёши 45 атрофида. Унинг ҳозирги манзили маълум эмас. Мавжуд маълумотларга кўра, бу гуруҳ Афғонистон жануби ва жануби-шарқидаги ҳудудларни, хусусан, Покистон билан чегаранинг катта қисмини назорат қилиб келади. АҚШ томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига тиркалган.

Америкалик ҳарбийлар маълумотига кўра, «Толибон»да ҳарбий режалаштириш ишларига масъул бўлган. «Сирожиддин «Толибон» учун ҳарбий режалар тузиш билан машғул бўлади, бизнингча, у параллел ҳукуматдаги губернаторларни тайинлайди», дейилган  АҚШ ва НАТО кучлари сафида Афғонистонда бригада генерали бўлган Чарльз Кливленд 2016 йилда The New York Times нашрида эълон қилган мақоласида.

Америкалик дипломатлар ота-бола Ҳаққонийлар Покистон билан қалин алоқаларда бўлганини айтишган. ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси маълумотига кўра, Ҳаққоний «Пешовар» кенгашини бошқаради. Бу ташкилот аввал Охундзода, кейин Муҳаммад Ёқуб бошқарувидаги «Кветта кенгаши/Кветта шўроси» билан рақобат қилади.

Ўтган йилда, Доҳадаги келишув тузилишидан бироз олдинроқ New York Times нашрида унинг номидан эълон қилинган «Биз, Толибон, нимани истаймиз» сарлавҳали мақолада шундай дейилади: «Қирқ йилдан ошиқ вақт давомида афғонларнинг қимматли ҳаёти хазон бўлиб келди. Барча урушдан чарчаган. Одамларни ўлдириш ва майиб қилишни тўхтатиш зарурлигига ишончим комил».

5. Шер Муҳаммад Аббос Станикзай

Фото: Александр Земляниченко / AP

1963 йилда Логар вилоятида туғилган. Сиёсатшунослик бўйича магистр даражасини олган, 1970-йилларда афғон армиясида хизмат ўтаган. The Hindustan Times нашрининг ёзишича, афғон армияси билан қўшма дастур доирасида Ҳиндистон ҳарбий армиясида таълим олган, аммо 1980-йилларда армияни тарк этиб, советларга қарши курашган мужоҳидларга қўшилган.

Толибларнинг бошқаруви даврида аввал ташқи ишлар вазири ўринбосари, кейин соғлиқни сақлаш вазири бўлган. Мулла Умар Қандаҳорни марказга айлантириб, ҳаракатни бошқаришга ўтгач, Станикзай хорижий делегациялар билан учрашувларга ва инглиз тилида интервьюлар бериш учун юборилган. 2015 йилдан Доҳадаги офисни бошқаришга киришган.

Сўнгги йилларда толибларнинг асосий музокарачиси сифатида Москва, Ўзбекистон ва Индонезияга борган делегацияларга раҳбарлик қилган. Янги ҳукуматда ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаши мумкин.

6. Абдулҳаким Ҳаққоний

Фото: Afghan Islamic Press

Таниқли диний уламо, ҳаракат раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охунзоданинг тенгдоши ва унинг яқин сафдоши. Қандаҳорда туғилган, ҳозирда 54 ёшда. У ҳам ҳеч қачон дала қўмондони бўлмаган. Покистондаги Дорул-улум-Ҳаққония мадрасасини тамомлаган.

2020 йил сентябридан буён толибларнинг Доҳадаги ваколатхонасига раҳбарлик қилиб келади - у бу лавозимда Станикзайнинг ўрнини эгаллаган. Унгача кўп йиллар мобайнида толибларнинг норасмий пойтахти ҳисобланган Кветтада (Покистон ҳукумати буни рад этиб келади) яшаган. Бу ерда нуфузли уламолар кенгашига ҳамда асосан Афғонистондан келувчилар таҳсил олувчи мадрасага раҳбарлик қилган.

У толиблар бошқаруви даврида Қандаҳор суди ҳаками бўлган. Беш йил муқаддам суд ишлари бўйича бошлиқ этиб тайинланган, шундан сўнг кўплаб фатволар чиқарган. Юридик ва диний масалалар билимдони ҳисобланади, Охундзоданинг ишончига сазовор бўлган.

Қатор экспертларнинг прогнозларига кўра у Афғонистонинг янги ҳукуматида шариат судларини бошқариши кутилмоқда.

Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top