16:52 / 23.08.2021
29393

Уйида ободонлаштириш бошқармаси ходимларини ишлатган Қўрғонтепа прокурори лавозимидан озод этилди

Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани прокурори Сардор Ражаббоев Андижон туманидаги участкасида туман ободонлаштириш бошқармаси ходимларини ишлатгани ҳақидаги хабарлар ортидан лавозимдан олинди.

Ўзбекистон бош прокурори матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Kun.uz’га маълум қилишича, ўтказилган хизмат текшируви натижасида Қўрғонтепа тумани прокурори Сардор Ражаббоев интизомий жазо тариқасида ўз лавозимидан озод қилинган.

Ўз уйида ободонлаштириш бошқармаси ходимларини ишлатган қонун ҳимоячиси Бош прокурорнинг 23 августдаги буйруғи асосида лавозимдан олинган.

Аввалроқ Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани прокурори Сардор Ражаббоев Андижон туманида жойлашган участкасида туман ободонлаштириш бошқармаси ходимларини баҳордан кузгача ишга жалб қилиб келгани маълум бўлганди.

Шунингдек, фуқаролар туман прокурорининг ҳаракатларидан норози бўлиб, Андижон вилоят прокуратурасига мурожаат қилишган. Вилоят прокуратураси эса ишчиларнинг уч нафари туман прокурорининг уйида ихтиёрий равишда ободонлаштириш ишларини олиб боришгани, уларни ҳеч ким мажбурий меҳнатга жалб қилмагани ҳақида айтганди.

Top