Ўзбекистон | 15:03 / 13.03.2024
20855
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда адлия ходимлари ўз вазифасига кирмайдиган ишларни бажаришга мажбурланмоқда

Адлия тизимида фаолият олиб бораётган ходимлар ёшларни оталиққа олиш ва хатлов ўтказиш ишларига жалб этилган. Kun.uz'га мурожаат қилган тизим ходимлари шунчаки қоғоз тўлдириш учун кўчада уйма-уй юришганини, бу ишлари фақат кўзбўямачилик эканини айтмоқда.

Самарқандда Адлия тизимида фаолият олиб бораётган ходимлар ўз вазифасига кирмайдиган ишни бажаришга жалб этилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz’га мурожаат йўллаган давлат хизматчилари маълум қилди.

Фото: Самарқанд вилояти Адлия бошқармаси

Мурожаатда келтирилишича, Давлат хизматлари маркази ходимлари рўйхат асосида 100 нафар ёш бириктириб берилган ҳолда уларни оталиққа олиш, уйма-уй юриб, муаммоларини ўрганишга мажбурланяпти.

Самарқанд вилояти Адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Озод Шодиқулов ёшлар билан ишлаш алоҳида назоратга олинганини ва сўров ҳам шунга мутаносиб бўлишини билдирган.

Давлат хизматлари марказида ишлайман. Ҳар бир ходимга 100 нафардан, айримларга бундан ҳам кўп бўлган ёшлар рўйхат қилиб берилди. Ходимлар ушбу ёшларни оталиққа олишга, маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, ёшларнинг муаммоларини ўрганишга ҳамда уларнинг ечимини қилишга мажбурланмоқда. Топшириқни бажармаган ходимлар ҳар хил дашномлар остида қоляпти.

Совуқ ва ёмғирли кунларда бирма-бир ёшларнинг яшаш манзилига бориб, ўрганиб юрибмиз. Меҳнат шартномасида белгиланган ишимиз эса иккинчи даражали бўлиб қолган. 

Энг ачинарлиси шундаки, биз ўрганган ёшларнинг муаммолари қоғозларда қолиб кетмоқда, натижаси умуман йўқ. Хуллас, кўзбўямчилик”, дейди исмини ошкор қилишни истамаган соҳа ходимларидан бири.

Топшириқ барча туман ва шаҳар адлия бўлимлари бошлиқларига Самарқанд вилояти Адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Озод Шодиқулов томонидан берилган.

Пайшанба куни ўтказилган ZOOMʼда душанба кунига қадар ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласида илова қилинган намунадаги аризаларни олиш кераклиги таъкидланган. Бироқ аксарият Адлия бўлим бошлиқлари берилган топшириққа лоқайдлик билан ёндашяпти.

Эслатиб ўтаман, ёшлар билан ишлаш топшириғи алоҳида назоратда ва сўров ҳам шунга мутаносиб бўлади. Зудлик билан барча ҳудудлар аризаларини олиш чораларини кўришингизни ва бугунги хатловга аёлларни жалб қилмасдан ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда топшириқни сифатли ижро қилишингизни сўрайман”, дея таъкидлаган бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари.

Ходимлардан ўзларига бириктирилган маҳаллада уйма-уй юриб, ёшларни хатловдан ўтказиш ҳамда сўровнома тўлдириш талаб этилмоқда.

Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди, дея бонг уришади. Аммо Адлия тизимининг ўзида мажбурий меҳнатга йўл қўйилаётганини қандай тушунишга ҳам ҳайронмиз”, дейди соҳанинг яна бир вакили.

Уйма-уй юрилиб, ёшлар билан учрашилаётгани ҳамда уларнинг муаммолари ўрганилаётгани ҳақида Самарқанд вилояти Адлия бошқармаси ҳам ўз расмий каналида хабарлар жойлаштирган.

Маълумот учун, қонунчиликка кўра мажбурий меҳнат тақиқланади.

Руслан Сабуров
Kun.uz

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид