14:55 / 25.08.2021
6914

Uzimei тизимида мобил қурилмаларни ноқонуний рўйхатдан ўтказиш кўпайиши ортидан жавобгарлик кучайтирилмоқда

Фуқароларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда мобил ускуналарни Uzimei тизимидан ноқонуний рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ мурожаатлар сони кескин ортган.

Фото: iStock

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзолари кеча, 24 август куни бўлиб ўтган мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунни ялпи мажлисга киритиш борасида қарор қабул қилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ушбу қонун билан Жиноят кодексининг 141-2-моддаси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-2-моддасида назарда тутилган шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Шунингдек, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун 27-1-модда билан тўлдирилиши ортидан, Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига ўзгартиришлар киритилмоқда.

“Ўзкомназорат” бошлиғи ўринбосари Дониёр Рустамовнинг маълум қилишича, ушбу қонун ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида фуқароларнинг шахсий ва оилавий сирига оид маълумотлар уларнинг розилигисиз олиниши, тарқатилиши ва фойдаланиши ҳолатлари кўпайгани сабабли, фуқароларни бундай ҳуқуқбузарликлардан ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинмоқда.

Дониёр Рустамов бу борада масъул ташкилотлар тақдим қилган статистик маълумотларни келтириб ўтди.

Унга кўра, “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика маркази” ДУК тақдим қилган маълумотларга кўра, фуқароларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда UZIMEI тизимидан мобил ускуналарни ноқонуний рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ мурожаатлар умумий сони 2021 йил бошидан буён ошиб келмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида 3987 киши бундай ҳуқуқбузарликлар юзасидан мурожаат қилган бўлса, март ойида 9 минг 234 киши, апрелда 12 минг 871 киши, май ойида 8 минг 489 нафар ўзбекистонликлар паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда тизимдан ноқонуний рўйхатдан ўтиш ҳолатлари юз берганини айтиб, мурожаат қилган.

Ички ишлар вазирлиги “Ўзкомназорат”га тақдим қилган маълумотларга кўра, МЖтКнинг 46-2-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик – шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳолатлари ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда.

Хусусан, 2019 йилда бу борада фақат 1 ҳуқуқбузарлик содир этилган бўлса, 2020 йилда 27 нафар шахс томонидан 20 та ҳуқуқбузарлик содир этилган. 2021 йилнинг 1-чорагида эса 12 нафар шахс томонидан 8 та маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган.

Олий суд тақдим қилган маълумотларга кўра, Жиноят кодексининг 141-2 моддасида содир этилган жиноят (Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш)ни содир қилиши ортидан судланганлар 2019 йилда бўлмаган, 2020 йилда эса 2 та жиноят юзасидан 8 нафар шахс судланган.

Худди шу ҳуқуқбузарлик юзасидан маъмурий иш доирасида судланганлар сони эса 2019 йилда 2 нафарни ташкил қилган бўлса, 2020 йилда 27 нафар шахс судланган.

ЖК ва МЖтКга ўзгартириш киритишни назарда тутувчи ушбу қонун лойиҳаси “Ўзкомназорат” томонидан ишлаб чиқилган ва Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган. У кучга кириши учун Сенат тасдиқлаши ва президент томонидан имзоланиши керак.

Top