11:53 / 27.08.2021
3702

Жорий йилнинг 7 ойи мобайнида 2 минг гектардан ортиқ ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган

2021 йилнинг ўтган етти ойи мобайнида 11 минг 214та ҳолатда 2 минг гектардан ортиқ ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Мутасадди идоралар томонидан эса ушбу қонунбузилиш ҳолатларининг бор-йўғи 1188 таси ёки 10,5 фоизи бартараф этилган, холос.

Сенатнинг ўн саккизинчи ялпи мажлисида Кадастр агентлиги директори Фазлиддин Умаров соҳада олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

2021 йилнинг ўтган олти ойи давомида Кадастр агентлигининг 48 нафар ходимига нисбатан 24та жиноят иши очилган. Улар давлат ва жамият манфаатларига 1,3 млрд сўм миқдорида зарар етказган.

Биргина 2020 йилда республика бўйича 50 мингга яқин ҳолатда 11 минг 200 гектар ер ўзбошимчалик билан эгалланган, шундан 3 минг 200 гектарида ноқонуний уй-жой қурилган. Буларнинг 99 фоизи суғориладиган, унумдор қишлоқ хўжалиги ерлари ҳисобланади.

Шунингдек, 2021 йилнинг ўтган етти ойи мобайнида 11 минг 214та ҳолатда 2 минг гектардан ортиқ ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.

Масалан, ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари Наманган вилоятида 1800та, Тошкент шаҳрида 1661та, Тошкент вилоятида 1464та, Қорақалпоғистон Республикасида 874тани ташкил этган. Бу бошқа ҳудудларга нисбатан анча юқори экани айтиб ўтилди.

Мутасадди идоралар томонидан ушбу қонунбузилиш ҳолатларининг бор-йўғи 1188таси ёки 10,5 фоизи бартараф этилган, холос.

2021 йил 5 август ҳолатига кўра, республика бўйича 90 минг 690та фермер хўжалигидан 2 минг 916таси билан ижара шартномаси тўлиқ расмийлаштирилмаган. Бу ўз навбатида фермер хўжаликлари ва туман ҳокимликлари ўртасида ер билан боғлиқ турли низолар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Top