09:05 / 30.08.2021
1965

Сирдарёда 9,2 миллиард сўмлик крипто-актив қурилмаларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатига чек қўйилди

Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳудудида крипто-актив қурилмаларидан (Майнинг-ферма) ноқонуний фойдаланиш ҳолатини аниқлаш борасида тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси Kun.uz’га маълум қилди.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида, Ховос туманида яшовчи фуқаро Э.Д.нинг яшаш хонадони ёрдамчи хўжалик бинолари кўздан кечирилганида, фуқаро Х.И. компьютер эҳтиёт қисмларидан (видеокарта, блок питания, хотира картаси, плата) қўлбола усулда ясалган, катта ҳажмдаги крипто-актив қурилмаларидан (Майнинг- ферма) лицензиясиз ноқонуний равишда шуғулланиб келаётганлиги аниқланди.

Шунингдек, тезкор тадбир давомида қонунга хилоф равишда 265,2 млн сўм миқдорида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланиб, белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилди. Фуқаро Э.Д. ва Х.И.лардан 11 турдан иборат жами 3529 дона, тахминий қиймати 9,2 млрд сўмлик компьютер қурилмалари ва бошқа турдаги товар-моддий бойликлари ашёвий далил сифатида вақтинча сақловга олинди.

Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган дастлабки текширув ва суриштирув натижасида Корея давлати фуқароси С.Й. ва Ўзбекистон фуқароси Х.И.лар ўзаро олдиндан тил бириктириб, ноқонуний равишда фаолият олиб бораётганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда божхона органлари томонидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда

Top