Ўзбекистон | 20:45 / 31.08.2021
17630
4 дақиқада ўқилади

Қуриётган Орол соҳилидаги келажак: Устюртнинг газ захираси қанча?

«Ўзбекнефтгаз» АЖ ташаббуси билан Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси фаолияти ва Устюрт ҳудудида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил қилинди.

Устюрт Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган. Минтақа ўз ичига Устюрт платоси ва Орол денгизини қамраб олади. Бу ҳудудда асосан газконденсат саноат-маҳсулдорлик қатламлари юра даври чўкмалари, айрим ҳолларда палеозой даври чўкмаларига тўғри келади.

1960 йилда Устюртдаги Теренқудуқ ва Байтерек ҳудудларида қатлам параметри ва газсиз таркибини ўрганиш мақсадида биринчи чуқур қудуқлар қазилган. 1964 йилда Шахпахти ҳудудида биринчи газконденсат кони ва орадан уч йил ўтгач Қуаниш кони очилган.

Устюртнинг умумий майдони 110 минг квадрат километр, табиий газ ва нефт бўйича истиқболли майдони 108 минг квадрат километрни ташкил қилади.

Ҳудудда 1995-2021 йиллар давомида табиий газ ва газ конденсати 11 та кондан қазиб олинмоқда. Булар Урга, Шарқий Бердақ, Шимолий Бердақ, Дали, Сургил, Қуйи Шарқий Бердақ, Арслон, Ином, Бескала, Қуйи Сургил, Ғарбий Қуйи Сургил конларидир. 

Биз бу масканда 2017 йилда ишга туширилган «Шарқий Бердақ» сиқув компрессор станцияси фаолияти билан танишдик. Станция мутахассиси қурилмалар фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди. «Шарқий Бердақ» сиқув компрессор станцияси бошлиғи Байрон Aбдураҳмоновнинг айтишича, сиқув компрессор станциясининг асосий вазифаси қазиб олинган паст босимли газни истеъмолчиларга юқори босимда етказиб беришдан иборат.

Пресс-тур давомида ОAВ вакиллари станция бошқарув маркази билан ҳам танишишди. Марказ қандай ишлаши ҳақида қисқача маълумот берилди. Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасининг бош муҳандиси Зафар Ражабов станция бошқарув маркази тўлиқ рақамлаштирилгани, операторлар тўлиқ равишда бошқарувни компютер орқали амалга оширишини айтди. Унинг қўшимча қилишича, станция ўзига кетадиган электр энергияни ўзи ишлаб чиқаради. Ташқаридан ҳеч қандай электр энергияси сарфланмайди.

Куннинг иккинчи ярмида Қуйи Шарқий Бердақ конида бўлдик. Бу ерда «Ўзбекнефтгаз» АЖ ўз маблағлари ҳисобидан геология-қидирув бурғилаш ишлари бажарилмоқда. Қудуқда бурғилаш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Унда ҳозирда 4200 метр бурғилаш ишлари бажарилган. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, жараён 4500 метргача етиши режалаштирилган. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, жараён 4500 метргача етиши режалаштирилган. «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев эса бу регионда 7 минг метр чуқурликкача қазиш ишларини олиб бориш бўйича топшириқлар берган.

Жараёнлар билан танишар эканмиз, ер қаридан газ қазиб чиқарувчиларнинг ўзига хос иқлим шароитида ишлаётганига гувоҳ бўлдик. Улар ёзнинг жазирама, қиш изғиринига қарамасдан бу ерда яшаб, ҳалол меҳнат қилишмоқда. Ишчи-ходимлар учун яратилган қулай шароитни кўриб, кўнглимиз таскин топди.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасида 7 кондаги 162 қудуқдан газ қазиб чиқарилмоқда.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ҳозирда кунига 11 млн куб метр газ қазиб олиняпти. Жорий йил охирига келиб 3 млрд 600 минг куб метр газ қазиб олиш режалаштирилган. Келажакда эса Устюрт региони мамлакатдаги энг кўп табиий газ қазиб олинадиган майдонга айланиши шубҳасиз. 

Шуҳрат Саидаҳмадов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид