16:11 / 02.09.2021
8453

Россия Ўзбекистон билан мигрантлар учун чартер поездларини йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилмоқчи

Аввалроқ Россия қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Александр Ломакин меҳнат мигрантларини чартер поездларда олиб келиш масаласи кўриб чиқилаётганини айтганди.

Фото: migran.tru

Россия қурилиш вазирлиги Ўзбекистон билан қурилиш майдонларида ишлайдиган мигрантларни чартер поездларида олиб келиш масаласини муҳокама қилишни режалаштирган. Бу ҳақда Россия қурилиш вазири ўринбосари Никита Стасишин маълум қилди.

"Ҳозирда Татьяна Голикованинг топшириғи устида ишлаяпмиз. Келаси ҳафтада Ўзбекистонга ташриф режалаштирилган. Биз синов тариқасида танлов, вакцинация ва меҳнат мигрантлари билан боғлиқ барча ишларни ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу меҳнат мигрантларини марказлашган ҳолда Қозоғистон орқали поездларда хавфсиз тарзда олиб кетиш имкониятини беради", — деди Стасишин.

Унинг сўзларига кўра, мигрантларни поездларда олиб кетиш бўйича синов лойиҳаси йил охиригача ишлаб чиқилади. 

Аввалроқ Россия қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Александр Ломакин меҳнат мигрантларини чартер поездларда олиб келиш масаласи кўриб чиқилаётганини айтганди.

Ломакиннинг сўзларига кўра, қурилиш компаниялари ёки компаниялар гуруҳлари керакли миқдордаги ишчиларни чартер поездларда олиб келиш учун ариза бериши кўзда тутилмоқда. Ҳозирда қурилиш вазирлиги қурилиш бозори иштирокчилари билан музокаралар олиб бормоқда.

Вазирликнинг маълумот беришича, бугунги кунда қурилиш ва коммунал соҳаларда 3 млн нафар кадр етишмаяпти.

Top