Ўзбекистон | 18:08 / 07.09.2021
13066
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи 21,8 млрд долларга етди

Давлат ташқи қарзи ЯИМга нисбатан қарийб 35 фоизни ташкил қилмоқда. Жами қарзларни қайтариш ҳажми ярим йиллик даврда биринчи марта 1 млрд доллардан ошди.

Молия вазирлиги 2021 йилнинг 1 ярим йиллиги учун ташқи қарз ҳолати ва динамикаси ҳақида маълумот берди.

Давлат қарзи қолдиғи жорий йил бошига нисбатан 858,6 млн долларга ёки 3,7 фоизга ошиб, 2021 йилнинг 1 июл ҳолатига 24,2 млрд долларни ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 38,5 фоизни ташкил этди.

1 июл ҳолатига:

  • давлат ташқи қарзи қолдиғи 21,8 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 34,7 фоизни;
  • давлат ички қарзи қолдиғи 2,4 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 3,8 фоизни ташкил этди.

Давлат ички қарзи қолдиғи таркибида давлат қимматли қоғозлари, давлат томонидан кафолатланган ички қарз ҳамда давлат бюджетидан қайтариладиган ички мажбуриятлар қолдиғи акс эттирилган.

Изоҳланишича, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат қарзи қолдиғи 858,6 млн долларга ошиши Ўзбекистон Республикаси номидан ва давлат кафолати остида инвестиция лойиҳаларини ва давлат бюджети дефицитини молиялаштириш учун ташқи ва ички манбалардан жалб қилинган қарз маблағларининг ўзлаштирилиши, қарз мажбуриятлари бўйича асосий қарзнинг сўндирилиши ҳамда давлат қарзи портфели таркибидаги валюта курсларидаги ўзгаришлар билан боғлиқ.

1-ярим йилликда давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 1,1 млрд долларни ташкил этган. Шу пайтга қадар ярим йиллик давр учун қарзларни сўндириш харажатлари 1 млрд доллардан ошмай келганди.

Молия вазирлиги ҳисоботидан хусусий ташқи қарзлар бўйича ахборотлар ўрин олмаган. Бу борадаги маълумотларни Марказий банк эълон қилиб келади.

Мавзуга оид