Иқтисодиёт | 00:05 / 08.09.2021
17139
3 дақиқада ўқилади

Экспортни қўллаб-қувватлашнинг янги чоралари эълон қилинди

Йиллик экспорт ҳажми 20 миллион доллардан ошган корхоналарга бир марталик молиявий ресурслар 5 млн доллар миқдорида тақдим этилади. Aйрим корхоналарга божхона тўловларини 120 кунгача кечиктириб тўлашга рухсат берилади. Aйрим маҳсулотлар импортида миллий сертификат олиш тартиби бекор қилинади.

“Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони қабул қилинди.

Унга мувофиқ, экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳузуридаги Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 200 миллион АҚШ доллари ажратилади.

Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан йиллик экспорт ҳажми 20 миллион AҚШ долларидан ошган корхоналарга экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун тижорат банклари орқали бир марталик молиявий ресурслар 5 миллион AҚШ долларигача миқдорда ҳамда бир йилгача муддатга тақдим этилади.

Охирги 12 ой давомида 1 миллион AҚШ долларидан ортиқ тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган корхоналарга асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариши учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар олиб киришда божхона тўловларини тўлаш бўйича фоиз ҳисобланмаган ҳамда уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунга тўловни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятини берилади.

Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан жарималар қўлланилиши, шунингдек, ушбу фармон кучга киргунига қадар қўлланилган жарималар ундирилиши 2021 йил 31 декабрга қадар тўхтатилади.

2021 йил 1 октябрдан юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатлардан сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хомашё, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш мосламалари ва транспорт воситалари импортида миллий сертификат олиш талаби бекор қилинади.

Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан корхоналарга экспорт билан боғлиқ савдо операсиялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун тижорат банклари орқали бир марталик молиявий ресурслар тақдим этиш тартибини тасдиқлаш ва ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.

Европа мамлакатларига қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотларни экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизини компенсация қилиш тизими бир йил муддатга жорий этилади.

Тариқ , қуритилган дуккакли экинлардан олинган ун ва кукун , мева ва ёнғоқлардан олинган ун ва кукун экспорти учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси рухсати талаб қилинмайди.

Aввалроқ экспортни қўллаш қувватлашга 100 миллион доллар ажратилиши маълум қилинганди.

Мавзуга оид