Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия бензин экспортини тўхтатди
ТАСС хабар қилишича, Россиядан бензин экспорти камида августгача тақиқланади. Чора Эрондаги уруш ортидан ёнилғи нархлари ўсгани сабаб жорий этилмоқда: бензинни ташқи бозорларда сотиш ички бозорга нисбатан фойдалироқ бўлиб қолган.
Фото: AP
Россия ҳукумати 1 апрелдан бозорнинг барча иштирокчилари учун бензинни экспортга сотишни тақиқлайди. Мамлакат Энергетика вазирлиги тегишли қарорни тайёрламоқда, деб хабар қилди Россия ОАВ 27 март, жума куни, бош вазир ўринбосари Александр Новакнинг Россия нефт компаниялари ва соҳавий идоралар вакиллари билан ўтказган йиғилиши якунларига таяниб.
Мамлакат ҳукуматининг матбуот хизматида билдирилишича, тақиқ бензин нархларини “барқарорлаштириш ва ички бозорни устувор тарзда таъминлаш”га хизмат қилиши керак. У Россия ҳукумати бошқа давлатлар ҳукуматлари билан тузган келишувлар доирасидаги етказиб беришларга, шунингдек дизел ёнилғисига татбиқ этилмайди.
Шу билан бирга, РФ Энергетика вазирлиги мамлакатда нефтни қайта ишлаш ҳажмлари 2025 йил март ойи даражасида сақланиб қолаётганини билдирмоқда — бу эса ички бозорни нефт маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш имконини беради, деб ёзади “Коммерсант” газетаси.
“Газпром нефть” раҳбари Александр Дюков Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқининг РФ президенти Владимир Путин иштирокидаги йиғилиши кулуарларида РФдан бензин экспортини тақиқлаш Эронга қарши АҚШ ва Исроил уруши оқибатлари фонида “зарур” эканини айтди.
“Биз нафақат нефт, балки нефт маҳсулотлари бўйича ҳам жаҳон нархларининг сезиларли ўсишини кўряпмиз. Россия бозоридаги бензин ташқи бозорларга ‘ювилиб кетмаслиги’ учун, яъни уни у ерда юқори нархларда сотиш ҳолати юзага келмаслиги учун шундай тақиқ керак”, — дея бизнесмендан иқтибос келтиради “Коммерсант”.
Бундай тақиқ Россияда биринчи марта жорий этилаётгани йўқ — мамлакат ҳукумати бундай чекловларни Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришидан кейин ва Россия НҚИЗга қилинган ҳужумлар ортидан бир неча бор киритган. РФдан бензин экспорти бўйича сўнгги чекловлар фақат 2026 йил январ охирида юмшатилган эди.
25 мартга ўтар кечаси Украина Ленинград вилоятидаги Уст-Луга портига зарба берди, бу ҳам Россиянинг нефт маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятларини чеклади. “Коммерсант” манбасига кўра, шу сабаб яқин вақт ичида Россияда нефтни қайта ишлаш ва қазиб олиш даражаси пасайиши мумкин.
Исроил ва АҚШ 28 феврал куни эрталаб Эрон ҳудудидаги объектларга оммавий зарбалар бериб, ҳужум бошлади. Жангларнинг биринчи куни Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ҳамда бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ва кучишлатар тузилмалар вакиллари ўлдирилди. Ўлдирилган Али ўрнига унинг 56 ёшли ўғли Мужтаба Хоминаий келди.
Урушнинг бутун дунё учун сезиларли оқибатларидан бири ёнилғи нархларининг кескин тебраниши бўлди. Бунга Эроннинг кемаларга зарбалари туфайли дунё нефт таъминотининг тахминан 20 фоизи ўтадиган муҳим йўлак — Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракат тўхтаб қолгани сабаб бўлган.
Жумладан, 9 март куни савдолар очилиши пайтида Brent нефти котировкалари бир баррел учун 120 долларга яқинлашган. Йил бошида эса шу турдаги нефт бир баррел учун 60 доллардан сотилаётган эди. Айни пайтда Форс кўрфази давлатлари нефт қазиб чиқариш ҳажми қисқаргани ҳақида хабар бера бошлади — экспорт имкони бўлмаган шароитда уни жойлаштириш қийинлашган.
Ёнилғи инқирози фонида АҚШ Украинадаги уруш сабаб Россия нефт секторига нисбатан жорий этилган санкцияларни юмшатди. Хусусан, денгиздаги кемалар бортида турган Россия нефтини Хитойдан ташқари барча давлатларга сотиб олишга рухсат берилди. АҚШ молия вазири Скот Бессент фикрича, санкцияларнинг вақтинчалик юмшатилиши Россияга бир ойда икки миллиард долларгача даромад келтириши мумкин.