Жаҳон | 15:07 / 08.09.2021
81152
4 дақиқада ўқилади

Россия фавқулодда вазиятлар вазири ўқув машғулоти вақтида ҳалок бўлди

Россия Фуқаролик мудофааси, фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш ишлари вазирлиги раҳбари Евгений Зиничев машғулот вақтида ҳалок бўлди. Бу Россия федерал ҳукуматининг амалдаги вазири ўлими билан боғлиқ илк ҳолатдир.

Фото: Россия ФВВ

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Евгений Зиничев вафот этди. Бу 7 сентябрь куни Россия шимолидаги Норильск шаҳрида бошланган ўқув машғулот вақтида рўй берди. «Афсус билан хабар қиламизки, ФВВ бошлиғи Евгений Зиничев Норильскда Арктика зонасини фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш бўйича идоралараро машғулотлардаги иштироки вақтида хизмат вазифасини бажара туриб фожиали тарзда ҳалок бўлди», — дейилади муассаса матбуот хизмати хабарида. Зиничев 55 ёшда эди.

РБК манбаси аниқлик киритишича, у вазирликнинг ўқув фильми учун съёмка жараёнида ҳалок бўлган. Суратга олиш гуруҳи аъзоларидан бири, оператор Александр Мельник жарлик четида сирғалиб кетган ва Зиничев уни ушлаб қолишга ҳаракат қилган. RT бош муҳаррири Маргарита Симоньяннинг маълумотига кўра, Зиничев ва видеооператор қоя четида туришган, аммо оператор тойиб кетиб сувга қулаган. «Гувоҳлар етарлича кўп бўлган — ҳеч ким нима бўлаётганини англашга улгурмасидан, Зиничев ўзини сувга отган ва тошга урилган», — дея ёзди Симоньян. Оператор ҳам ҳалок бўлган.

Россия президенти Владимир Путин вазир вафоти муносабати билан таъзия изҳор этди. «Президент Путин Евгений Зиничевнинг фожиали ўлимидан чуқур қайғуга тушди. Улар кўп йиллар мобайнида биргаликда ишлашганди, бу катта йўқотиш. Президент вазирнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик телеграммаси йўллади», — дея хабар қилди президент матбуот котиби Дмитрий Песков.

Зиничев ФВВга 2018 йил майидан буён раҳбарлик қилиб келаётганди. Зиничев 1987 йилдан 1991 йилгача СССР КГБда хизмат қилган, кейин Россия хавфсизлик хизмати органларида ишлаган. У қарийб 10 йил давомида — 2006 йилдан 2015 йилгача Владимир Путиннинг хавфсизлик хизматида ишлаган, унга кўплаб сафарларда ҳамроҳлик қилган. 2014 йилда Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи ўринбосари этиб тайинланган, 2015 йилда ФХХнинг Калининград области бўйича бошқармаси бошлиғи бўлган. 2016 йил ёзида у икки ойга Калининград областини бошқарган, аммо ўз ихтиёрига кўра лавозимни тарк этган: Путин Зиничев оилавий сабаб туфайли ўзини Москвага қайтаришни сўраганини айтганди, аммо ОАВда унда «жамоатчилик билан ишлашда муаммолар борлиги» ҳақида ёзганди, бундай амалдор эса регионни бошқара олмасди. Шундан сўнг Зиничев Фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинлангунича ФХХ (ФСБ) раҳбарига ўринбосарлик қилган. 2018 йил майида Зиничев РФ Хавфсизлик кенгашига ҳам аъзо бўлиб кирган.

ФВВга Александр Чуприян вақтинча янги раҳбар этиб тайинланган. Айни вақтда 63 ёшда бўлган Чуприян вазирлик тизимида 2002 йилдан буён ишлаб келади. 2006 йилдан 2018 йилга қадар у вазир ўринбосари лавозимида ишлаган — дастлаб Сергей Шойгу даврида, кейин Владимир Пучковга ўринбосарлик қилган. 2018 йил июнида, Зиничев вазирликка тайинланишидан кўп ўтмай Чуприян унинг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаган.