18:32 / 08.09.2021
9757

“Ёшлик спорт жамоалари” спорт мусобақаларининг республика финал босқичи ўтказилди

Бугунги кунда ўқувчи ёшларимиз орасидан малакали профecсионал спортчилар етишиб чиқиб, жаҳон спорт ареналарида турли мусобақаларда ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб, ўзга давлатлар вакиллари орасидан ўз мухлисларига эга бўлмоқда. Бундай натижалар барчамиз учун фахрли ҳолдир. Ўқувчи ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, катта спортга захира спортчиларни тайёрлаш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғуллантириш самарадорлигини янада ошириш борасида ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган қатор Фармойиш ва Қарорлар мазкур соҳани янада ривожлантириш орқали ёшларни баркамол, соғлом инсонлар қилиб тарбиялашга қаратилган.

Жумладан:

  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 июндаги ПҚ-3031-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури;
  • 2019 йил 19 март кунидаги шахсан Президентимиз раҳбарлигида “Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишни ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш тўғрисида” ўтказилган видеоселектор мажлиси ва шу каби қатор ҳужжатларни мисол қилишимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда “Ёшлик” Жисмоний тарбия ва спорт жамияти марказий кенгаши томонидан, жамиятга белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, келажак авлод вакилларини жисмоний тарбия ва спорт орқали ҳаракатланишга ўргатиш, улар орасида дўстлик, ватанпарварлик ҳисларини ривожлантириш, соғлом бўлиб вояга етишларига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида анъанавий тарзда умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида муваффақиятли ўтказилиб келаётган “Биз буюк ватан фарзандимиз” шиори остида “Ёшлик спорт жамоалари” спорт мусобақалари муваффақиятли ўтказиб келинмоқда. Ушбу мусобақаларда иштирок этиш учун ўқувчи ёшларнинг сони ортиб бориши эришилаётган ютуқлардан биридир.

Жорий йилги мусобақаларнинг республика финал босқичи умумий ўрта таълим мактабларининг 5-11 синф ўқувчилари ўртасида спортнинг футбол тури Жиззах вилоятида, волейбол, бадминтон ҳамда стол тенниси турлари Фарғона вилоятида 25-30 август кунлари ўтказилди. Баскетбол ва гандбол турлари Тошкент ҳамда Навоий вилоятларида сентябрь–октябрь ойларида ўтказилиши режалаштирилган.

Ушбу мусобақаларнинг 1-босқичида жами 4.253.210 нафар (шундан қизлар 1.432.336 нафар), 2-босқичида жами 806.450 нафар (шундан қизлар 325.596 нафар), Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоят миқёсидаги 3-босқичида жами 13.800 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар иштирок этдилар.

Республика финал босқичида Спортнинг волейбол, бадминтон ва стол теннис тури бўйича жами 336 нафар, футбол турида 196 нафар ўқувчи-ёшлар иштирок этиб ғолиблик учун майдонга тушдилар.

Муросасиз, қизғин ва кучли рақобат остида ўтган мусобақаларда қуйидаги умумжамоа натижалари қайд этилди:

Волейбол тури бўйича (ўғил болалар):

  • 1-ўрин Фарғона вилояти;
  • 2-ўрин Андижон вилояти;
  • 3-ўрин Қорақалпоғистон Республикаси.

Волейбол тури бўйича (қизлар):

  • 1-ўрин Тошкент вилояти;
  • 2-ўрин Андижон вилояти;
  • 3-ўрин Фарғона вилояти.

Бадминтон тури бўйича:

  • 1-ўринни Андижон вилояти;
  • 2-ўринни Наманган вилояти;
  • 3-ўринни Қорақалпоғистон Республикаси жамоалари эгаллади.

Стол тенниси тури бўйича:

  • 1-ўринни Наманган вилояти;
  • 2-ўринни Бухоро вилояти;
  • 3-ўринни Қорақалпоғистон Республикаси жамоалари эгаллади.

Футбол тури бўйича:

  • 1-ўрин Тошкент шаҳар;
  • 2-ўрин Жиззах вилояти;
  • 3-ўрин Қашқадарё вилояти. 

Ғолиб ва совриндор бўлган жамоалар Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти томонидан диплом, медаль ва қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти матбуот хизмати Ⓣ

Top