Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2019 йил 19 мартда “Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишни ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш тўғрисида” ўтказилган видеоселектор мажлиси баёнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, айниқса ўқувчи-ёшларни спортга кенг жалб этиш, ёзги дам олиш кунларидаги бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғуллантириш самарадорлигини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 25-31 август кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли Меҳрибонлик уйи оромгоҳи”да умумий ўрта таълим мактаб ўқувчилари ўртасида  “Қувноқ стартлар” спорт мусобақасининг республика финал босқичи юқори савияда ташкил этилиб, 2021 йилнинг энг “Қувноқ”, “Чаққон”, “Эпчил” ўқувчилар жамоалари аниқланди.

 

“Қувноқ стартлар” спорт мусобақаларининг ўзига хослиги, қизиқарли ўйинлардан ташкил топганлиги сабаб ушбу мусобақа мамлакатимизда қарийб қирқ йилдан бери узлуксиз ўтказиб келинмоқда.

Мазкур мусобақаларга ҳар йили жами 1 056 532 (улардан 528 266 қизлар) нафар умумтаълим мактаблари ўқувчилари қамраб олинади.

Ушбу мусобақалар орқали ўқувчилар орасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, дўстлик алоқаларини кучайтириш, фаол дам олишни ташкиллаштириш, жамоа бўлиб ҳаракатланиш, ўзига ишонч ҳисларини ошириш мақсад қилинган.