Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда нима учун спорт паспорти жорий этилмоқда? Соҳа мутасаддиси билан суҳбат
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги «Сертификатлаштириш ва компьютерлаштириш Маркази» давлат корхонаси директори Ҳасан Дадамуҳамедов биз билан суҳбатда марказ фаолияти ва мамлакатда шу соҳада олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
– Республикамизда бугунги кунда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида сўнгги йилларда катта ислоҳотлар амалга оширилиб, тизимли ривожланишга катта замин яратилди. Мазкур соҳа давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Алоҳида вазирлик тузилиши, туман (шаҳар)ларда тегишли бўлинмалар очилиши, спорт федерация ва ассоциациялар фаолиятига алоҳида эътибор берилиши оқибатида спорт соҳаси республикада янги ривожланиш босқичига чиқмоқда. Бу ишларни муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан шахсан назоратга олингани соҳани жадал суратларда ривожланишига сабаб бўлмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2019 йил 4 сентябрь куни 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўриш, оммавий спорт ва жисмоний тарбияни ривожлантириш бўйича олиб борилган ишлар натижадорлиги ва бу борада амалга ошириладиган долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор мажлиси ўтказилди.
Йиғилишда проффессионал спортчиларни тайёрлаш жараёнига алоҳида урғу берилиб, бу борада илғор инновацион технологияларни жорий этиш, спорт фармакологияси, диетологияси, психологияси ва спорт тиббиёти масаласига, ҳар бир спорт терма жамоалари билан ишлайдиган илмий-комплекс лабораториялар ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратилди.
Бундан ташқари, жойларда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортга жалб қилишда оммавий спорт турларини ривожлантириш, ҳар бир туман (шаҳар)ни маълум спорт турларига ихтисослаштириш орқали оммавийликни ошириш, самарали ва сифатли селекцияни амалга ошириш бўйича зарур топшириқлар берилди.
Шунингдек, умумтаълим муассасаларида спорт объектларини қуриш ва таъмирлаш, ихтисослашган спорт мактаб-интернатларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларни замонавий спорт анжомлари билан жиҳозлаш, спорт анжомларининг сифатини назорат қилиш бўйича махсус лаборатория ташкил этиш чора-тадбирлари ҳам белгилаб берилди.
Умуман олганда, бугунги кунда жисмоний тарбия ва спорт соҳаси жадал ривожланиши натижасида бизнинг спортчиларимиз жаҳон спорт ареналарда нуфузли ўринларни олиб, Ўзбекистон байроғини ва мадҳиясини бутун дунёга танитиб келмоқда.
– Мазкур ишларни амалга оширишда Сиз раҳбарлик қилаётган Марказ фаолияти тўғрисида тўхталиб ўтсангиз.
– Бугунги кунда Марказ республикада жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантиришга қаратилган бир қатор йўналишларда фаолият юритмоқда. Жумладан, республика бўйича спорт иншоотларининг ягона реестрини юритиш, тренерларни аттестациядан ўтказиш ишларини ташкил этиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасига ахборот-коммуникацион технологияларни жорий қилиш, спорт соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ва техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш, спорт анжомлари ва жиҳозларни стандартлаштириш, соҳада кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш масалаларида иш олиб бормоқда.
2004 йилда республикада фаолият кўрсатаётган барча спорт иншоотларини хатловдан ўтказиш ва паспортлаштириш тизими жорий этилди. Паспортлаштириш вақтида спорт иншоотларидан фойдаланиш тартибини белгиловчи тоифалар берилади. Белгиланган тоифага қараб, тегишли объектда ўтказилиши мумкин бўлган спорт тадбирлари ва хизмат кўрсатиш тартиби ўрнатилади.
2008 йилда республикада спорт анжом ва жихозларни мажбурий сертификация тизими жорий этилиши муносабати билан Марказ негизида «Жисмоний тарбия ва спорт» стандартлаштириш техник қўмитаси фаолияти йўлга қўйилди. Ўтган давр ичида техник қўмита томонидан 110дан ортиқ спорт анжом ва жиҳозларга ҳалқаро стандарларга уйғунлаштирилган миллий стандартлар яратилди.
2012 йилдан буён республикамизда тренерлик фаолиятини тартибга солиш, спорт соҳасидаги хизматлар сифатини ошириш, спорт билан шуғулланувчилар хавфсизлигини таъминлаш, доимий малака ошириш тизимини шакллантириш мақсадида тренерларни аттестациядан ўтказиш тизими жорий қилинган.
Юқори малакали тренерларга аттестациядан ўтишлари учун турли имтиёзлар жорий этилди. Хусусан,
1. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ёки ихтисослаштирилган олимпия захираси мактаб-интернатларини тамомлаганлик тўғрисидаги дипломларга эга бўлган шахсларга тегишли спорт турлари бўйича уч йил мобайнида белгиланган аттестациядан ўтмасдан рухсатнома олиш;
2. Спортнинг Олимпия ва Паралимпия турлари ҳамда Осиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларга тегишли спорт федерациялари (ассоциациялари) тавсияномалари асосида аттестациянинг биринчи ва иккинчи босқичларидан ўтмасдан, спорт мактабларида тренер сифатида ишлаш учун тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатномалар бериш;
3. Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаларининг тавсиялари асосида умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига спорт мактабларида тренер-инструктор сифатида ишлаш учун аттестациянинг биринчи ва иккинчи босқичларидан ўтмасдан тренер-инструкторлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома бериш механизмлари жорий қилинди.
Бундан ташқари Марказ мутахассислари томонидан жисмоний тарбия ва спорт соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда ҳам фаол ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини жиҳозлаш учун зарур бўлган спорт анжомлари ва жиҳозлари меъёрлари (табели), болалар спорт иншоотлари, умумтаълим мактаблари ҳамда коллеж ва академик лицейларнинг спорт залларини спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлаш меъёрлари, спорт иншоотларини намунавий штатлари меъёрлари ишлаб чиқилган. Шунингдек, Марказ томонидан бошқа кўплаб соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқишда бевосита ва фаол иштирок этиб келинмоқда.
– Ахборот-коммуникацион технологияларни барча соҳаларда кенг жорий қилиш – бу замон талабидир. Мазкур йўналишда ҳозирда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Спорт соҳасига ахборот-коммуникацион технологияларини жорий қилиш йўналишида ҳам маълум бир ишлар амалга оширилмоқда. Марказ томонидан республикамизда фаолият юритаётган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари ва тренерлар тўғрисида давлат ахборот реестрлари яратилди ва интернет тармоғида жойлаштирилди.
Бундан ташқари, бугунги кунда спортчилар, жисмоний тарбия ўқитувчилари (йўриқчилари) ҳақидаги маълумотлар, таълим ташкилотлари ўқувчилари ва талабаларининг спорт нормативларини топшириш натижаларини сақлайдиган ва тахлил қилувчи «Жисмоний тарбия ва спорт» ягона ахборот тизимини яратиш ва жорий қилиш бўйича ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур ягона ахборот тизими жисмоний тарбия ва спорт соҳасида турли натижаларни таҳлил қилиш орқали спортга иқтидорли ёшларни саралаб олиш, селекция ишларини тизимли йўлга қўйиш учун қулай восита сифатида хизмат қилади.
Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, оммавий равишда жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш, спорт билан мунтазам шуғулланувчилар, спорт соҳаси мутахассислари, ота-оналар ҳамда бошқа қизиқувчилар учун мўлжалланган маълумотларни ўзида акс этган, соҳага оид бўлган меъёрий-ҳуқуқий, илмий-услубий ҳужжатлар, қизиқарли ва оммабоп маълумотлар, фойдали материалларни ўзида мужассамлаштирган www.sport.uz интернет порталини яратиш бўйича ташкилий ишлар якунига етказилмоқда.
– Марказнинг янги лойиҳалари тўғрисида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Бугунги кунда Марказ мутахассислари томонидан спортчиларни спорт соҳасидаги фаолиятини доимий мониторинг қилиб борувчи ва уларга Спорт паспортини бериш бўйича электрон база яратиш ишлари бошланган. Мазкур электрон база спортчиларни барча спорт мусобақалардаги иштирок этиш натижалари, спорт ташкилотларига мансублиги, тренерлар бўйича маълумотлари, тиббий кўриклардан ўтиш жараёни ва бошқа зарур маълумотларни таҳлил қилиб ягона электрон базада сақланишини таъминлайди.
Мавзуга оид
15:30 / 13.10.2021
Ўқитувчилар ўртасида ўтказилган “Қувноқ стартлар” спорт мусобақасининг республика финал босқичи ғолиблари аниқланди
18:32 / 08.09.2021
“Ёшлик спорт жамоалари” спорт мусобақаларининг республика финал босқичи ўтказилди
18:28 / 07.09.2021
Бўстонлиқда «Қувноқ стартлар» ўйинларининг республика босқичи бўлиб ўтди
22:23 / 03.05.2018