Ўзбекистон | 11:50 / 09.09.2021
4391
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон тараққиёт банки ташкил этилади

Ўзбекистон тараққиёт банки ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон либерал-демократик партияси қурултойида маълум қилди.

“Келгуси беш йилда рақамли иқтисодиётни асосий “драйвер” соҳага айлантирамиз. Унинг ҳажми камида 2,5 баробарга оширилиб, 4 миллиард долларга етказилади. Ҳар бир хонадон  ва ижтимоий муассаса мақбул нархда юқори тезликдаги Интернетга уланади, магистраль автомобиль йўллари 100 фоиз мобиль алоқа ва Интернет билан қамраб олинади.

2026 йилга қадар нефт-газ, кимё, металлургия ва бошқа саноат соҳаларидаги барча жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилади. Дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажми 5 баробарга, уларнинг экспорти эса 10 баробарга оширилиб, 500 миллион долларга етказилади.

Келгуси йил якунига қадар  “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили асосида барча давлат органларида иш юритиш, аҳоли билан ҳужжат алмашиш тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. 

Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун, макроиқтисодий барқарорлик таъминланади. Бунда, 2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилади. Давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиздан ошмаслиги таъминланади. Бунинг учун бюджет маблағларини самарали тақсимлаш ва назорат қилишнинг янги тизими йўлга қўйилади. Бундан буён бюджет харажатлари биринчи навбатда фуқароларимизнинг турмуш шароитини яхшилаш ва ҳудудларни ривожлантиришга йўналтирилади.

Хабарингиз бор, бу йилдан бошлаб жорий этилган  “Фуқаролар бюджети” дастури доирасида 14 та туман бюджетининг 5 фоизи аҳоли таклифлари асосида долзарб муаммоларни ечишга қаратилди. Келгуси йилдан бошлаб ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизи ушбу дастур орқали тақсимланади. Шу тариқа бевосита аҳолининг талаблари асосида йилига 1,5 – 2 триллион сўм маблағ жойлардаги энг долзарб муаммоларни ҳал этишга сарфланади.

Яна бир муҳим масала – янгидан жалб қилинадиган йиллик ташқи қарз миқдори 5 миллиард доллардан ошмаслиги таъминланади. Иқтисодиётда молиявий ресурсларни кўпайтириш мақсадида келгуси 5 йилда фонд бозори ҳажми 200 миллион доллардан 7 миллиард долларга етказилади. Бунда, мамлакатимизда капитал олиб кириш бўйича мавжуд чекловлар қайта кўриб чиқилиб, барча учун қулай бўлган шарт-шароитлар яратилади. 

Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларини таъминлаш учун, келгуси беш йилда 120 миллиард доллар, шундан камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилинади. Шу мақсадда 2026 йилгача хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш бўйича алоҳида стратегия қабул қилинади. Давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳалар доирасида келгуси беш йилда транспорт, йўл қурилиши, сув хўжалиги ва бошқа соҳаларга 14 миллиард доллар инвестиция жалб қилинади. Келгуси йилдан асосий воситаларни амортизация қилишга солиқ имтиёзларини кенгайтириш орқали 130 мингдан зиёд тадбиркорлар ихтиёрида ҳар йили қарийб 2 триллион сўм маблағ қолдирилади. 

Хабарингиз бор, кейинги пайтда ҳудудларда саноат ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича катта ишларни амалга оширмоқдамиз. Бунинг учун, албатта қўшимча молиявий ресурслар керак. Шу мақсадда, Ўзбекистон тараққиёт банки ташкил этилади. 

Мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти 1,7 баробар оширилиб, 2026 йилда 30 миллиард долларга етказилади. Экспорт таркибида хомашёнинг улуши ҳозирги 46 фоиздан 23 фоизга камайиб, тайёр маҳсулотлар ҳажми 2,5 баробар кўпаяди”, деди президент.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид