07:52 / 14.09.2021
16356

Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Расулов вафот этди

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори, Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Расулов вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.

Ўлмас Расулов 1951 йилда Денов туманида таваллуд топган. 1976 йилда Тошкент Консерваториясини тамомлаган. 1976-1977 йилларда Бухоро мусиқа билим юрти, 1987-1994 йилларда Тошкент Консерваторияси, 2002 йилдан Ҳамза номидаги Республика мусиқа коллежида педагог, 1995-2002 йилларда Бухоро давлат университетида доцент ва 1995-2000 йилларда кафедра мудири, 1987-1994 йилларда «Зарафшон» ансамблида созанда, 1997-2002 йилларда «Ўзбекнаво» бирлашмаси Бухоро вилояти бўлими бадиий раҳбари, 2002 йилдан «Дуторчи қизлар» ансамбли маслаҳатчиси лавозимларида фаолият олиб борган.

Шунингдек, Ўлмас Расулов олий ва ўрта махсус ўқув юртларида педагоглик фаолиятини самарали давом эттириб ёшларга таълим берди ва кўплаб шогирдлар етиштирди. Охирги йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг «Миллий қўшиқчилик» кафедраси доценти, 2021 йилдан эса профессор вазифасида фаолият юритди.   

Созанда сифатида унинг репертуаридан Шашмақом, Фарғона-Тошкент йўлларига оид мумтоз ва анъанавий куйлар ўрин олган. Хонанда сифатида эса «Содирхон Ушшоғи», Машраб ғазали билан «Сиғмадим», «Ор йиғлайди» каби ашулалар, Бухоро йўлларидан «Забоний», «Жавоний», «Гул рези» каби асарларнинг маҳоратли ижроси билан халқ қалбига кириб борган.

Ўлмас Расулов «Ойпалак», «Тавоис», «Ўчаётган табассум», «Само» каби чолғу куйлари, «Сўрамайсан» (Ҳ. Аҳмедова шеъри билан), «Ширу-шакар», «Карашма», «Магар Наврўз ила байрам» (Навоий, Ғозий, Насимий ғазаллари билан), «Нозик мухаммас» (Нозик Биби Хўқандий асари билан) ва бошқа бир қатор ашула ва туркумлар, шунингдек, «Бобур», «Кеча ва кундуз», «Имом Бухорий» каби видео ва бадиий фильмларга мусиқа басталаган.

У 2005 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» унвони билан тақдирланган. 

Top