11:39 / 15.09.2021
3153

Рекламалар жойлаштирилиши ва тарқатилиши бўйича қарийб 17 мингта ҳолатда камчиликлар аниқланди

Сенат Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди.

Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, 2020 йил ва 2021 йил биринчи ярмида истеъмолчиларнинг 37 036 та мурожаати кўриб чиқилиб, 9,6 млн.дан ортиқ истеъмолчи ҳуқуқлари тикланган ва уларга етказилган 184,9 млрд сўм зарарни қоплаш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Унинг 133,0 млрд сўми бугунги кунда қоплаб берилган.

Назорат тадбирлари доирасида 143 номдаги маҳсулотнинг назорат хариди амалга оширилиб, ўтказилган экспертиза натижасида 35 номдаги маҳсулот норматив-техник ҳужжатлари талабларига номувофиқлиги аниқланган. “Ўзстандарт” агентлиги томонидан 10 та маҳсулотга берилган мувофиқлик сертификати бекор қилинган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини аниқлаш ва баҳолаб бориш мақсадида 5 та соҳада (транспорт, савдо, алоқа, тиббий, қурилиш) 19,5 минг аҳоли ўртасида сўровнома ўтказилиб, билдирилган фикр ва таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритилган.

Рекламаларнинг жойлаштирилиши ва тарқатилиши бўйича жами 34 190 та мониторинг ўтказилган ва 16 948 та ҳолатда камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши бўйича 408 та субъектга нисбатан иш қўзғатилиб, қонунбузилиш ҳолатларини тугатиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан 368 та кўрсатма берилган, 55 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судларга юборилган.

Норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш мақсадида амалдаги 107 та ҳужжат хатловдан ўтказилиб, вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган 147 та ҳужжат лойиҳасининг истеъмолчиларга таъсири баҳоланиб, тегишли хулоса ва таклифлар берилган.

“Шу билан бирга, Агентлик томонидан Қонун билан белгиланган истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ваколатли давлат идоралари ҳамда ҳудудий тузилмалар фаолияти тўлақонли мувофиқлаштирилмаган.

Инсон ҳаёти, саломатлиги, мол-мулки, атроф-муҳит учун хавфли ва сифатсиз бўлган маҳсулотлар, шунингдек уларнинг ишлаб чиқарувчиси (ижрочиси) тўғрисидаги маълумотларни истеъмолчиларга тезкор ва замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда етказиб бориш тизимида ҳал этилмаган масалалар бор.

Ҳудудий тузилмаларнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг мурожаатлари ва муаммоларини қабул қилишни ташкил этиш ишларида камчиликлар мавжуд.

Жумладан, Андижон, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ишонч телефонларидан фойдаланиш талаб даражасида ташкил этилмаган. Мазкур камчиликлар ўрганиш жараёнида бартараф этилган”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Агентлик томонидан камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиявий характердаги қўмитанинг қарори қабул қилинди.

Top