16:20 / 18.09.2021
9336

Шавкат Мирзиёев Эрон президентининг иқтисодий коррупцияга қарши кураш бўйича тажрибасини қўллаш ҳақида гапирди

Душанбе шаҳрига ташрифнинг биринчи кунги дастури доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисий билан учрашув ўтказди.

Эрон президенти Иброҳим Раисий президент Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги билан табриклаб, ҳамкорлик бўйича комиссия икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар ривожланишида муҳим роль ўйнашини таъкидлаб ўтган.

Эрон президенти матбуот хизмати хабар беришича, Раисий, шунингдек 2021-2022 йилларда Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотига раислик қилиш Ўзбекистонга ўтиши билан табриклаган.

«Мен сизнинг ижобий ва конструктив ёндашувингиз минтақа ва ШҲТ давлатлари учун кўплаб хайрлар олиб келишига ишонаман.

Теҳрон ва Тошкент ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг ҳозирги ҳолати икки давлат ўртасидаги сиёсий муносабатлар даражасига мос эмас. Шунингдек, Эрон Ислом Республикаси қўшнилар билан алоқаларни чуқурлаштириш доирасида Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор», деган у.

Шунингдек, Раисий Эронга қарши репрессив санкциялар унинг ривожланишига тўсиқ бўлолмаслигини, лекин мамлакат уларни бекор қилишга ҳаракат қилишини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев эса Эрон президенти билан учрашувдан миннатдорлигини билдирган. «Биз сизнинг бу соҳадаги тажрибаларингизни қўллашдан мамнун бўламиз», деган Мирзиёев Раисийнинг суд тизимидаги тажрибаси ва иқтисодий коррупцияга қарши самарали курашини назарда тутиб.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Эрон билан иқтисодий алоқаларни кенгайтириши кераклиги ҳақида гапирган. Хусусан, транспорт соҳасида – Чобахар портига чиқиш учун шимол-жануб йўлагини фаоллаштириш лозимлиги қайд этилган.

Top