19:15 / 18.09.2021
18968

Тошкентда “Спарк” бошқарувидаги ҳайдовчи 4 ёшли қизчани уриб юборди

Болалар боғчаси тарбияланувчиси, 2017 йилда туғилган Маржона тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.

Тошкентда аёл киши бошқарувида бўлган машина тўрт ёшли қизчани уриб юборди. Қиз шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

“2021 йил 14 сентябрда, тахминан соат 17:00 да, Учтепа тумани Бешқайрағоч кўчасида, 540-сонли болалар боғчаси ёнида “Спарк” русумли автомашинасини бошқарган Саида Н. вояга етмаган пиёдани уриб юборган”, дейилади хабарда.

Ҳодиса оқибатида юқорида айтиб ўтилган болалар боғчаси тарбияланувчиси, 2017 йилда туғилган Маржона М. тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.

Хабарда айтилишича, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1 -қисмида назарда тутилган жиноят иши бўйича иш қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

12 сентябрь куни Тошкент вилояти, Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудида “Матиз” ва “Дамас” русумли автомобиллар иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида 2007 йилда туғилган пиёда оғир тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этганди.

Top