Иқтисодиёт | 19:22 / 21.09.2021
14823
2 дақиқада ўқилади
Солиқ тушумлари 30 фоизга кўпайди, бунинг 6 сабаби келтирилди
Солиқлар тушуми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга ошган. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази солиқ тушумлари ошишининг бир қатор сабабларини келтирди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлиллари жорий йилнинг 1 январидан 31 августигача бўлган даврда республика солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30,8 фоизга ошганини кўрсатди.
Қуйидаги ҳудудларда солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди:
- Қашқадарё (41,2 фоиз);
- Хоразм (39,2 фоиз);
- Навоий (38,9 фоиз);
- Самарқанд (36,2 фоиз);
- Тошкент (35,7 фоиз) вилоятлари;
- Тошкент шаҳри (39,1 фоиз).
Солиқ тушумлари ўсишининг омиллари сифатида қуйидагилар келтирилган:
- Ўтган беш йил мобайнида 114та лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, 33та фаолият тури бўйича хабарнома тартиби жорий этилди;
- Рухсатномалар олиш тартиб-таомиллари соддалаштирилди ва уларни бериш муддатлари ўртача 2 баробар қисқартирилди;
- Кераксиз чеклар бекор қилинди;
- Нақд пул, валюта ва хомашё айланмаси билан боғлиқ чекловлар бекор қилинди;
- Кўрилган чора-тадбирлар натижасида янги тадбиркорлик субъектлари сони жадал кўпайиб, мавжудлари ўз фаолиятини янада кенгайтирди. Ўтган беш йил мобайнида тадбиркорлар сони деярли уч баробарга ошди ва фаол тадбиркорлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 80 фоиз кўпдир;
- Кўплаб ишбилармонлар ўз бизнесини умуммиллий равишда кенгайтириб, минглаб иш ўринларини яратди ва йирик муваффақиятли компанияларга айланди. Ички ва ташқи бозорда ўз брендига эга тадбиркорлар синфи шакллана бошлади.
Аввалроқ, ЯТТлар учун ижтимоий солиқ 2 баробарга пасайтирилгани ҳамда жорий йилда тадбиркорлик субъектларига 9 триллиондан зиёд ҚҚС қайтарилгани маълум қилинганди.