20:15 / 22.09.2021
4527

Самарқандда эри ва қайнонасининг тазйиқларига чидолмаган аёл ва унинг 16 ёшли қизи ўз жонига қасд қилди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида эри ва қайнонасининг тазйиқлари туфайли аёл ва унинг 16 ёшли қизи ўзини осган. Оқибатда уларнинг иккаласи ҳам вафот этган. Бу ҳақда Олий Суд Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Азиз Обидов хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Каттақўрғон туманида яшовчи аёл фақат қиз фарзандлар кўргани учун қайнонаси ва эри томонидан йиллар давомида таҳқирланган. Бундан маҳалла раиси ва бошқа мутасаддиларнинг хабари бўлган.

Қайд этилишича, 2020 йил ноябрь ойида бу оилада яна жанжал содир бўлган. Эр турмуш ўртоғини яқин қариндошларига тегишли дўкондан турли нарсаларни қайнонаси номига қарз олишда айблаган ва танасининг турли жойларига электр кабели, қўл ҳамда оёқлари билан уриб жароҳат етказган.

Бундан ташқари, 2020 йил декабрь ойида қайнона ўз келини бўлган аёлни уриб, юзига қайноқ сув сепиб юборган.

Оиланинг 16 ёшли тўнғич қизи оиладаги нотинчликлар ва онасига қилинган тазйиқларга чидолмай, яшаш уйи оғилхонасида арқон билан ўзини осган. Орадан 2 соат ўтиб, аёл ҳам қизи ўсган жойда ўз жонига қасд қилган ва улар вафот этган.

Мазкур ҳодиса бўйича суриштирув олиб борган прокуратура эр ва қайнонадан ташқари, мазкур оиладаги нотинчликка бефарқ қараган ички ишлар органи ходимларининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилишини билдирган. Бунга сабаб гарчи аёлга ҳимоя ордери берилган бўлса ҳам, у кузатувга олинмаган. Оила етарлича даражада назорат қилинмаган. Шунингдек, ўз жонига қасд қилган қиз ўқиган мактаб директори, маҳалла раисига ҳам тегишли чора кўрилиши маълум қилинган.

Таъкидланишича, Каттақўрғон туманида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида эр Жиноят кодексининг 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) 2-қисми «а», «б» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. У 7 йил озодликдан маҳрум этилган. Қайнонага эса 4 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.

 

Top