Ўзбекистон | 14:44 / 25.09.2021
11113
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон эркин интернетга эга бўлмаган давлатлар қаторида қолдирилди – Freedom House

Freedom House’нинг глобал интернет эркинлиги бўйича эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистон 100 баллик баҳолаш кўрсаткичларидан 28 балл тўплаб, эркин интернетга эга бўлмаган давлат сифатида қайд қилинган.

Фото: Getty Images

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилот Freedom House 2020 йил 1 июндан 2021 йилнинг 31 майигача давлатлардаги интернет эркинлиги даражасини акс эттирувчи ҳисоботини эълон қилди.

Маълум қилинишича, глобал интернет эркинлиги бўйича натижалар кетма-кет 11-марта пасаймоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича вазият 30 та мамлакатда ёмонлашган. Энг катта пасайиш Мянмада юз берди. Ундан кейинги ўринларда Беларус ва Уганда. Шунингдек, бу борадаги энг катта яхшиланиш Эквадор ва Гамбияда кузатилган.

Ҳисоботда Ўзбекистон эркин интернетга эга бўлмаган давлатлар қаторидан жой олган ва 100 баллик баҳолаш кўрсаткичларидан 28 балл тўплаган.

Ушбу рейтинг кўрсаткичлари 9 хил тоифа инсидентлари бўйича шакллантирилган:

  • ижтимоий тармоқлар ёки коммуникация платформалари блокланган;
  • сиёсий, ижтимоий ёки диний контентга тўсиқ қўйилган;
  • АКТ тармоқлари қасддан бузилган;
  • ҳукуматпараст изоҳчилар онлайн муҳокамаларни манипуляция қилган;
  • цензурани кучайтирувчи янги қонун ёхуд норматив ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган;
  • кузатувларни кучайтирувчи ёки анонимликни чекловчи янги қонун ёхуд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган;
  • интернетда сиёсий ёки ижтимоий контент яратган блогер ёки тармоқ фойдаланувчиси ҳибсга олинган;
  • блогер ёки тармоқ фойдаланувчиси жисмоний ҳужумга учраган;
  • ҳукумат танқидчилари ёки инсон ҳуқуқлари ташкилотларига техник ҳужумлар бўлган.

Фақатгина 2 та (Ўзбекистон ва Хитой) давлатда ҳисобот даври давомида юқоридагиларнинг барчаси кузатилган.

Қолган Постсовет мамлакатлари эса мос равишда Грузия(77), Арманистон (71), Украина (62), Қирғизистон (63), Озарбойжон (35), Қозоғистон (33) ва Россия (30) балл билан баҳоланган.

Рейтингни 100 баллдан 96 балл тўплаган Исландия бошқариб турибди. Юқори бешликда Эстония, Канада, Коста-Рика, Тайван ҳам бор.

Маълумот учун, Freedom House 2020 йил якунлари бўйича эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистондаги эркинлик даражаси 100 баллдан 11 баллга баҳоланган ва Ўзбекистон «эркин бўлмаган» мамлакатлар қаторида қолганди. Шунингдек, интернет эркинлиги бўйича ҳам Ўзбекистон 100 баллдан 27 балл тўплаб интернети эркин бўлмаган мамлакатлар қаторидан жой олган.

Мавзуга оид