18:46 / 12.10.2021
46859

«Кальмар ўйини» – дунё нигоҳини экранга «михлаб» қўйган сериал таҳлили

Netflix томонидан намойиш этилган ва дунё миқёсида катта қизиқиш уйғотган «Squid Game» номли янги сериал сўнгги кунларда интернет тармоғида энг кўп қидирилган мавзулардан бирига айланди. Айни пайтда эса мазкур картина суд даъволари билан кун тартибида турибди.

Киношунос Отабек Тиллаев муаллифлигидаги «Article» лойиҳасининг навбатдаги мақоласи ушбу сериал ва унинг таҳлилига бағишланади.

Фото: Netflix

Сериал мавзуси

«Squid Game» – рақамли трансляция платформаси ҳисобланган Netflix маҳсулотидир. Жанубий Корея киноижодкорлари томонидан суратга олинган мазкур сериалда ҳаётда омон қолиш учун кураш мавзуси драма, саргузашт, экшн, дистопия ва фантастик реалити-шоу руҳида акс эттирилади.

«Squid Game» инглизча squid (кальмар – ўн оёқли моллюскаларнинг кенжа туркуми – таҳр.) ва gameўйин сўзидан олинган бўлиб, сериални ўзбекчада «Кальмар ўйини» деб аташ мумкин. «Кальмар ўйини», асли, Жанубий Корея болалар ўйинининг номидир. Шафқатсизлик «доза»си унчалик паст бўлмаган бу ўйин ўзида рақобат тушунчасини мужассам этади.

Диққат, материалда сериал билан боғлиқ спойлер мавжуд.

Сериалнинг асосий сюжет чизиғи моддий қийинчиликлар ичида қолган юзлаб инсонларнинг бир ўйинда иштирок этиш учун таклифнома олиши билан бошланади. Ғолиб эса 40 миллион долларлик мукофотни қўлга киритиши мумкин. Аммо бу ўйиннинг ҳар бир лаҳзасида ўлим хавфи мавжуд – рақиблардан болалар ўйинининг қонли версиясини ўйнашлари, омон қолиш учун эса қўлларини қонга белашлари, дўстларига хиёнат қилишлари талаб этилади. Яъни ҳаёт машаққатларидан зада бўлган, ўртага тикилган катта мукофот илинжида ўйинга қўшилган иштирокчилар тирик қолиш учун ҳар қандай ишни бажариш мажбурияти остида. Табиийки, бир муддат омон қолишнинг уддасидан чиққан ўйинчилар кейинги босқичга ўтар экан, улар орасидаги гуруҳлашув ҳам, қутблашув ҳам, ўлим таҳликасининг кўлами ҳам тобора ортиб боради.

Фото: Netflix

Ҳиссиёт билан «ўйнашувчи» мусобақа

Аслида, ночор ва илож-имконсиз қолган одамларнинг арена – жанг майдонида сўнгги нафасгача курашиш концепцияси антик Рим каби қадимийдир. Орадан икки минг йил ўтганига қарамай, ҳаёт ва мамот курашига асосланган воқеалар ҳали-ҳануз кенг томошабинлар оммасини ҳаяжонга солиб келмоқда.

Мазкур мотив бадиий адабиётга ҳам ёт эмас. Ёзувчи Стивен Кингнинг 1985 йилда нашр этилган «The Running Man» («Югураётган одам») асари ҳам бунинг яққол мисолидир. Омон қолиш учун югуриш шарт бўлган мусобақа формати, албатта, Кинг тематикаси ва унинг қўрқинчли тушларига жуда мос эди. Аммо бу формат Стивен Кингдан олдин ҳам, кейин ҳам кўп бор ишлатилган. Бунинг энг сўнгги мисолларидан бири Сюзанна Коллинзнинг «Очлик ўйинлари» туркумидир. Агар масалага мана шу рамкадан қараладиган бўлса, 2021 йил томошабинлари бу турдаги бадиий ва киноасарлардан одатдагидан кўра кўпроқ нарсани кутишлари табиий эди.

Таъкидлаш жоизки, «Кальмар ўйини» ижодкорлари инсон психологиясининг ўта нозик нуқталарини ишга солишади – улар асосан томошабиннинг ҳиссиётлари билан ўйнашиш йўлидан боришади. Табиийки, қонли саҳналарнинг биринчи зарбаси ўтиб кетгач, ўйинни томоша қилиш ва ундан ким чиқиб кетиши (ўлиши), ким эса давом этишини (тирик қолиши) тахмин қилишнинг ўзи қизиқ бир ўйинга айланади.

Клишелар денгизи

«Кальмар ўйини» – зўравонлик саҳналарида қонни кўрсатишдан тортинмайдиган, вақти-вақти билан буни ўзига хос қарамликка айлантирган сериалдир. Ҳикоя қилиш услуби, сюжет борасида жиддий камчиликлар бор. Аммо бу нуқсонлар унинг қизиқарлилиги соясида қолиб кетади. Бошқача айтганда, қизиқарлиликнинг юқори даражаси сериални шоу дастурига айлантириб юборади. Воқеалар ривожи шу қадар ҳаяжонли ва тарангки, агар ақлни «таътил»га жўнатиш ва 8 соатлик вақтни ҳеч нарса ҳақида ўйламасдан ўтказиш керак бўлса, картина бунинг учун ажойиб имконият. Аммо бироз тафаккур қила бошлашингиз билан «Кальмар ўйини» томошабин учун қанчалик оғир экани, томошабинни қанчалик ҳолдан тойдириши мумкинлигини англайсиз.

Албатта, бу турдаги сериаллар «мато»сига бироз фалсафа суқилса, унга клише тамғаси урилиши муқаррар. Шунга ўхшаш ҳолат Netflix’да порлаган La Casa de Papel’да ҳам кузатилган. Сценарийнавислар «одамлар пул учун нималар қилиши мумкинлиги»ни тасвирлаб берар экан, чиқарилиши керак бўлган сабоқни ўта дидактик тарзда қайта-қайта такрорлашади. Албатта, бу «такрорлар», «етказилмоқчи бўлган хабарнинг тагига чизиб қўйиш» ҳолатлари маҳсулотни кенг оммага тарқатишнинг энг осон усулларидан биридир. Аммо унутмаслик керакки, ҳаддан ортиқ кўп ишлатилган бу каби флешбеклар киноасарнинг сифатига жиддий путур етказади. Аммо, афтидан, ижодий гуруҳ онгли равишда томошабин маҳсулотни тез ва ўйламай истеъмол қилиши керак, деган фикр асосида иш олиб боргандай.

Фото: Netflix

Ҳикоя ичида ҳикоя услуби

«Кальмар ўйини» ҳикоя ичида ҳикоя яратиш услуби билан томошабин диққатини тортади. Ўз акасини қидираётган полиция ходимининг ташкилотга «сизиб» кириши натижасида парда ортидаги яширин сирлар аста-секин фош бўла бошлайди. Айни пайтда, ташкилотнинг қуйи поғонасидаги ходимлар мусобақа давомида ўлдирилган иштирокчиларнинг тана аъзоларини кесиб олиб, ғаввослар орқали инсон органлари билан шуғулланувчи мафияга сотишганига гувоҳ бўламиз. Аммо бу ҳикоя чала қолади ва у ҳеч бир хулоса билан боғланмайди. Бу эса полиция образи баъзи бўлимларга атайин томошабинни чалғитиш учун киритилган деган таассуротни беради. Шундай қилиб, аслида, воқеалар ривожини чуқурлаштириши керак бўлган эпизодик ҳикоялар қониқарли ва мантиқли якундан маҳрум қилинади. Чехов таъбири билан айтганда, ўйин бошида деворга осилган қуролдан ўйин охиригача ўқ отилмайди.

Мусиқадан фойдаланиш нуқтайи назаридан ҳам сериал стереотиплардан қочиб қутула олмаган. Контраст приёмини қўллаш – классик мусиқаларнинг тинчлантирувчи таъсири билан тарангликни кучайтирувчи мусиқаларни зид қўйиш – кинолабораторияда кенг қўлланувчи эски усуллардан биридир.

Фото: Netflix

Ижтимоий табақалашув ва ёрқин костюмлар

Картина Жанубий Кореядаги ижтимоий табақалашув ва қашшоқлик муаммосини аёвсиз тарзда кўрсатиб беради. Бу нарса қаҳрамонларнинг бир-биридан кескин фарқ қилувчи ёрқин костюмларида ҳам яққол кўзга ташланади. Юзга туширилган тўртбурчак шакли бошқарувчиларни, доира шакли ишчиларни, учбурчак шакли эса аскарларни ифода этади. Аммо бу оддий гуруҳлаш тизимидай таассурот уйғотувчи рамзлар, аслида, жуда кўп нарсани ўз ичига олиши мумкин бўлган мажозлардан биридир.

Ерга кўмилган мантиқ

«Кальмар ўйини» – ҳар бир саҳнаси таҳлил қилишга арзийдиган ва ўзининг чуқур маънолари билан томошабинларнинг интеллектуал даражасини ўстиришга ҳисса қўшишни мақсад қилган киномаҳсулот эмас. Унинг мақсади – «вақтни мароқли ўтказиш».

Аммо эътироф этиш лозимки, ижодкорлар ўз қўлларидаги яширин карта билан томошабинни сериалнинг охиригача «ушлаб» туришнинг уддасидан чиқишган. Аммо барибир гарчи биз ақлимизни «таътил»га жўнатиб юборган бўлсак-да, ерга кўмилган мантиқ тупроқ остидан садо бераверади. Чунончи, мусобақа давомида бир-бири билан анча «қалин» бўлиб қолган иштирокчиларнинг мукофотни «бирга» қўлга киритиш ва бу дўзахдан «бирга» қутулишга бўлган қатъий ишончи. Қизиғи шундаки, бу ишонч улар атиги уч киши қолганда ҳам йўқолмайди. Ҳолбуки, ўйин формати «рақибни ўлдириш» ёки уларнинг «ўлимига кўз юмиш»га асосланганди. Қаҳрамонлар финалгача мана шу умидни қандай сақлаб қолганларига ишончли жавоб берилмагани учун бу савол ҳавода осиғлигича қолиб кетади.

Фото: Netflix

Характерга айлана олмагап «тип»лар 

Ги-Хун финалнинг биринчи чорагида ғолиб чиқиб, мусобақани тарк этади. Қолган 30 дақиқада эса биз сценарий муаллифларининг талваса ичра ҳикояга нуқта қўйиш ёки иккинчи мавсум учун вергул қўйиш ҳаракатларига гувоҳ бўламиз. Ги-Хун метрода уни ўйинга таклиф қилган одамни учратиб қолади. У ўйин давом этаётганини англайди ва ташкилотни қулатиш пайига тушади. Шу тариқа сериалнинг янги мавсумига ишора қилинади.

Сувга ёзилган нарсадан бошқа ҳеч нимани томошабинга ваъда қилмайдиган ушбу сериал таҳлилида актёрлар маҳорати ҳақида фикр билдиришдан тийилдик. Чунки сериалда актёрлик маҳоратини намойиш қиладиган даражадаги чуқурлик йўқ. Афсуски, барча характерлар «тип» бўлишдан нарига ўтолмайди. Шунинг учун ҳам улар ўз салоҳиятини намойиш этиш имкониятига эга эмас. Ёмон одамнинг ёмон экани «бойлик» билан, яхшининг «яхши» экани эса «фазилат» билан изоҳланади. Оқибатда, на фалсафий, на интеллектуал бир асос ўртага қўйилади. 

Хулоса ўрнида

Эътироф этиш керакки, Жанубий Корея киномаҳсулотлари ўзига хос услуб билан бутун дунё томошабинларини ўзига жалб қилиб келади. Аммо амалда Ҳолливуд салтанати ҳукм сургани учун ҳам у ҳамиша «асосий оқим» бўлишдан йироқда. Бироқ кейинги йилларда ҳолливудча «қараш» ҳам аста-секин ўзгаришларга юз тутиб бормоқда: 2020 йилда Бонг Жун Хонинг «Паразитлар» фильми «Энг яхши режиссёр» ва «Энг яхши фильм» учун аталган Оскарни қўлга киритгани ҳам фикримиз далилидир.

Айтиш мумкинки, «Кальмар ўйини» Жанубий Корея киносаноатини бутун дунё бўйлаб ана шу «она оқим»га ҳар доимгидан кўра яқинроқ қилди, аниқроғи, яқин қилиш йўлидаги жуда катта масофани босиб ўтди. Netflix эса корейс маданиятини экспорт қилишда Ғарб томон очилган асосий эшиклардан бирига айланди.

Отабек Тиллаев,

киношунос.

Top