20:05 / 13.10.2021
4655

2020 йилда бутун дунёда ҳакерларга 400 миллион доллар тўлаб берилган

2020 йилда бутун дунёда вирус дастурлари ёрдамида киберҳужумлар содир этувчи ҳакерларга 400 млн долларга яқин пул тўлаб берилган. Бундай рақамларни АҚШ маълум қилди.

Фото: Getty Images

“Товламачиларнинг дастурий таъминотидан кўрилган глобал иқтисодий йўқотишлар анча катта. Ҳакерларга товламачи-вируслар ёрдамида содир этилган ҳужумлардан кейин тўлаб берилган пуллар 2020 йилда 400 млн доллардан кўпроққа етди”, деб айтилган Оқ уй баёнотида.

АҚШ маъмуриятида таъкидланишича, 2021 йилнинг 1-чорагида бундай тўловлар ҳажми 81 млн долларни ташкил қилган.

Вашингтон маълумотларига кўра, киберҳужумлар ҳар қандай катталикдаги ташкилотларга қарши улар қаерда жойлашганидан қатъи назар содир этилади.

Охирги ойларда АҚШ пул ундириш мақсадида амалга оширилган бир қатор йирик киберҳужумларга тўқнаш келди. АҚШ раҳбариятининг фикрича, бундай ҳужумлардан бир нечтаси россиялик ҳакерлар томонидан содир этилган. Бироқ Россия бу айбловларни рад этмоқда.

АҚШда 13-14 октябр кунлари товламачи-вируслар ёрдамида амалга оширилувчи киберҳужумларга қарши курашишга бағишланган виртуал учрашув бўлиб ўтмоқда. 30 га яқин давлат вакиллари унда иштирок этишга таклиф этилган.

Top