19:37 / 15.10.2021
3047

Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили самарқандлик шифокорлар билан учрашди

Ўзбекистон президентлигига Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанддаги ишончли вакили, СамДУ ректори Рустам Холмуродов самарқандлик шифокорлар билан учрашди.

Самарқанддаги Темирйўлчилар маданият саройида ўтказилган учрашувда Самарқанд вилоятининг барча ҳудудларидан ташриф буюрган шифокорлар, ЎзЛиДеП аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Учрашувда сўзга чиққан Рустам Холмуродов охирги 5 йилликда Шавкат Мирзиёев бошчилигида кўплаб соҳаларда, хусусан, тиббиёт соҳасида яхши ишлар амалга оширилганини таъкидлади. Ишончли вакил сўзи аввалида Шавкат Мирзиёев жуда мураккаб вазиятда Ўзбекистон президентлигига келгани ва 5 йил давомида жуда кўп муаммоларни ҳал қилгани, яна кўплаб муаммоларни ҳал қилиш учун асос яратганини айтди.

«Бундай инсонга қандай овоз бермаслик мумкин? У киши бошлаган хайрли ишларини якунига етказиб қўйиши керак», — деди Холмуродов йиғилганларни сайловда қатнашишга даъват қилар экан.

Рустам Холмуродов мамлакат ўтган 25 йил давомида тиббий соҳа яхшигина оқсагани, бу борада илмга эътибор берилмагани сабаб яхши кадрлар камайиб кетганини таъкидлади. Ишончли вакил тиббий илмига эътибор бериш орқали дунё тиббиётида етакчилардан бирига айланган Исроилни бу борада ўрнак қилиб кўрсатди.

«Аҳолиси 9 миллиондан кўпроқ бўлган Исроил илмга эътибор бериш орқали бугун тиббиёт туризмида етакчилардан бирига айланди. Уларнинг ери ҳам қумлик, аммо ҳосилдорлиги юқори, чунки қишлоқ хўжалиги ҳам илмга айлантирилган», — деди Холмуродов.

Рустам Холмуродов қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам Шавкат Мирзиёев даврида кўплаб яхши ишлар амалга оширилганини айтди.

«Зиёлиларимиз 25 йил пахтага чиқди. Шифокорга борсангиз, пахтада, мактабга борсангиз, ўқитувчи ҳам пахтада. Мана, пахтани ҳам эркин териш мумкин экан-ку? 2–3 йил шундай давом этса, Ўзбекистон пахта сотиб олишни бошлайди, чунки пахтани чуқур қайта ишлаш ривожланмоқда.

Кеча Паст Дарғом туманига бордик. Маҳаллий ҳоким Шунқор Худойбердиев одамлар 2–3 йилдан сўнг ўз томорқасида пахта экиб, кластерларга сотишини айтди. Бунга ишониш қийин, лекин ислоҳотлар натижасида мана шундай шароит етилмоқда», — деди ишончли вакил.

Рустам Холмуродов Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев бошчилигида қисқа муддатда қўшнилар билан муносабатларни ҳам яхшилаганини айтиб ўтди.

«Узоқ йиллар қўшнилар билан совуқ муносабатда бўлдик. Шавкат Мирзиёев эса қандайдир 2–3 ой ичида барча қўшнилар билан муносабатларни яхшилади. У нафақат Ўзбекистоннинг халқаро алоқаларини яхшилади, балки дунё етакчилари танийдиган катта сиёсатчига айланди.

Мен Боғизоғонда ишлаганман. Эсимда, бир кечада Тожикистон билан чегарадаги йўл ёпилиб, дарахт экиб юборишган. Икки мамлакат бир-бирига қиз олиб, қиз берган; тўй бор, жаноза бор. Чегаранинг нариги томонига ўтиш учун Тошкент орқали бориб келишарди. Ҳозир ҳамма қўшнилар билан иноқмиз.

Ёки бўлмасам, Толибон билан муносабатларни олайлик. Улар Ўзбекистонга келиб, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларда қатнашган вақтда ҳеч ким уларнинг ҳокимият тепасига келишини кутмаган эди. Мана, шу сабаб бугун чегара хавфсиз, муносабатлар яхши, вагонлар қатнаб турибди», — деди вакил.

Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили унинг даврида Ўзбекистоннинг обрўсини кўтаришга эътибор берилаётганини ҳам таъкидлади.

«90-йилларда самолётга чиқсангиз, одамлар дам олишга ёки илм қилишга кетарди. Кейинги йилларда самолётлар хорижга ишлаш учун бораётганлар билан тўлмоқда эди. Шавкат Мирзиёев мана шу ҳолатни бартараф қилишни, ўзбекнинг обрўсини кўтаришни истамоқда», — деди Рустам Холмуродов.

Йиғилиш сўнгида самарқандлик шифокорлар сайловда фаол қатнашиш, ўзлари танлаган номзодга овоз бериш чорланди.

Ўткир Жалолхонов, Kun.uz мухбири.
Фотолар муаллифи: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзу
Сайлов-2021
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра сайловлар октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. 2021 йилги президентлик сайлови 24 октябрга тўғри келмоқда.
Барчаси
Top